Жамият | 17:45 / 06.05.2016
20067
6 дақиқада ўқилади

Кун чақалоқлари

Ботир Қодиров 
Хонанда Ботир Қодиров 1981 йил 6 май куни Андижонда, санъаткорлар оиласида дунёга келган. Онаси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зулхумор Қодирова. Ботир Қодиров болалигиданоқ қўшиқ куйлашга иштиёқманд бўлган. Мактабни тамомлагандан сўнг 2000 йил Андижон санъат коллежига ўқишга киради. Коллежни муваффақиятли тамомлаб, Тошкент давлат маданият институтининг анъанавий хонандалик факультетига ўқишга киради. Илк ижодини 2005 йил “Сени ўйлайман” қўшиғи билан яккахон хонанда сифатида бошлайди. Хит тароналари “Сени ўйлайман”, “Адашдим” қўшиқлари бўлиб, бугунги кунгача  хонанданинг 60 га яқин қўшиқ, 10 га яқин клип ва 4 та альбоми мухлисларга тақдим этилган.   Поп, фолкльор жанрида ижод қилади. 

Қўшиқлари:  “Дийдор учун”,  “Йиқилдим ёмон”, “Ишон”, “Ишқ”, “Соғинганда йиғлайсанми?”  “Она“, “Севиб қолганман”,  “Адашдим”, “Мен отамни соғинганда”, “Бандаси бор этолмас” “Ёнаман”, “Юрагим дук дук уради”,  “Севиб қолганман ёмон”, “Муҳаббат келади”,  “Гўзалсан”, “Ёмон кўраман”, “Жим туринг”, “Шукрона”. 

Шуҳрат Умар (“Шод” гуруҳи аъзоси) 
“Шод” гуруҳининг собиқ яккахони.  1982 йил 6 май куни Тошкент шаҳрида туғилган.Ўқувчилик йилларидаёқ  мусиқага бўлган қизиқиш пайдо бўлиб,  мактабни муваффақиятли тамомлаганидан сўнг, “эстрада ва цирк” коллежига ўқишга кирди. Талабалик йилларидаёқ коллежда ўтказилган барча тадбирларда фаол иштироки этиб, саҳна маданияти ва сирларини  ўрганади.  Коллежни амомлаб, ҳужжатларини “Тошкент давлат санъат (ҳозирги “Ўзбекистон давлат санъат ва маданият” институти) институтига топширади.  2000 йилда олийгоҳдаги курсдошлари Отабек ва Дониёр билан биргаликда “Шод” гуруҳига асос солинганидан сўнг, ушбу гуруҳ таркибида сермаҳсул ижод қила бошлайди.  Хонанда ушбу гуруҳ аъзоси бўлган пайтларида Дониёр ва Отабек билан биргаликда “Юрак”, “Милая”, “Хато”, “Айтгин менга”, “Армоним бор”, “Ана мана”,  “Яна-яна”, “Алам”, “Янги йил”, “Шаҳло кўзли маликам”, “Румба”, “Ишонтир” каби қўшиқларни куйлайди. Оилали. Одинахон, Робияхон ва Розияхон каби 3 нафар қизалоқларнинг отаси. Айни дамда хонанда Шуҳрат Умар яккахон хонанда сифатида фаолият юритиб, мустақил равишда яратган илк қўшиғи “Нега энди” деб номланди. 

Максим Фадеев 
Рус бастакори, аранжировкачи Максим Фадеев 1968 йил май ойининг 6 санасида Россиянинг Курган шаҳрида таваллуд топган. Отаси Александр Фадеев композитор, онаси Светлана Фаддеева кўплаб русийзабон қўшиқлар ва романслар муаллифи ҳисобланади. Акаси Артем Фадеев Россия эстрадаси юлдузлари Катя Лелль ҳамда “Глюкоза” ижро этган қўшиқлар мусиқаси муаллифидир. Макс Фадеев болалигиданоқ мусиқага меҳр қўйиб, 5 ёшга тўлганида мусиқа мактабига қатнай бошлайди. 12 ёшида бас-гитара мусиқа асбобини маҳорат билан чалиб, 15 ёшида мусиқа мактабининг бирйўла иккита, фортепиано ва дирижёр-хор бўлимига қабул қилинади. 

Аввалига “Конвой”  гуруҳида бек-вокалист, кейинчалик  гуруҳнинг яккахон хонандаси сифатида ижод қила бошлайди. 1990 йилда Максим Фадеев «Ялта-90» конкурсида иштирок этиб, унда 3-ўрнини қўлга киритади. 1993 йилда Россия шоумени Сергей Криловнинг таклифи билан Москвага келиб, ижодий фаолиятини рус эстрадаси юлдузи Линдага продюсерлик қилишдан бошлайди ва кейинчалик, Total, “Монокини”, “Серебро”, рус эстрадаси юлдузларидан “Глюкоза”, Юлия Савичева, Иракли, “Пьер Нарцисс” билан ҳамкорликда  ижод қилади. 

Шунингдек, Фадеев ўзи билан ҳамкорликда ижод қилувчи кўплаб рус эстрадаси юлузлари клипларининг режиссёри ва оператори ҳамдир. 2007 йилда “Савва” номли тўлиқ метражли мультфильм яратади.

Максим Фадеев “Болалар овози” шоу лойиҳасининг биринчи мавсумига раҳбарлик қилди. Айрим сабабларга кўра лойиҳанинг учинчи мавсумига иштирок этиш таклифини эса рад этади. Максим Фадеев Линданинг собиқ пардозчиси Наталиянинг собиқ турмуш ўртоғи ҳисобланади.  Максим Фадеев ва Наталиянинг Савва исмли ўғил фарзанди бор.

Kun.uz сайти ходимлари юқорида номлари келтириб ўтилган хонандаларни таваллуд куни билан  муборакбод этиб, санъат йўлида энг баланд чўққиларни  забт этишига тилак билдириб қолади.

Мавзуга оид