Иқтисодиёт | 21:34 / 11.05.2016
37051
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон марказий банки аҳолига 85 килограмм олтин сотди

Қирғизистонда ўтган 12 ой ичида умумий оғирлиги 85,1 кг лик 2 мингта олтин ёмбилар сотилди, деб маълум қилди мамлакат марказий банки раиси Тўлқинбек Абдиқулов.

1, 2, 5, 10, 31,1 (унция) ва 100 граммлик тортилган олтин ёмбилари 2015 йил май ойида биринчи марта Қирғизистонда очиқ савдога чиқарилган. Қирғизистон қонунчилигига кўра, уларнинг харидорлари солиқ тўламайдилар. Ёмбилар Миллий банк томонидан қайтиб сотиб олиш ҳуқуқи билан сотилмоқда. Барча ёмбилар Қирғизистонда олинган олтинлардан тайёрланган ва 999,9 олий пробага эга.

Қирғизистон сотган олтин ёмбиларнинг умумий қиймати 228,9 млн қирғиз сомини (3,3 млн долларни) ташқил қилган.

Абдиқуловнинг айтишича, қирғизистонликлар орасида энг катта – 100 граммлик ёмбиларга талаб катта бўлмоқда, улардан 735 дона сотилган. Оммабоплик бўйича 2-ўринда 5 граммлик ёмбилар турибди. Шу билан бирга Марказий банк томонидан ҳам аҳолидан 40 кг олтин ёмбилар сотиб олинган.

Ушбу лойиҳанинг жозибадорлигини ошириш учун Қирғизистон Марказий банки учта тижорат банкига ўлчов ёмбилари билан операциялар ўтказишга рухсат берди ҳамда уларни ёмбиларни сотишда қўшимча қиймат солиғидан озод этди. 

"Олтин ёмбилар сотиш – аҳолига беқарор валюта курси ва иқтисодиётдаги вазият шароитида инвестиция қилиш учун ишончли воситани берадиган пул-кредит сиёсатининг воситаларидан биридир", деб айтди Абдиқулов. 
Қирғизистон Миллий банки йил охиригача сотилган олтинлар миқдорини 150 кг гача етказиб қўймоқчи.

Мавзуга оид