Жамият | 10:16 / 17.07.2016
46378
2 дақиқада ўқилади

Майкл Жексон шифокори: Майкл 11 ёшли Эмма Уотсонга уйланмоқчи бўлган

Архив сурат

АҚШлик марҳум қўшиқчи Майкл Жексон сеҳргар Гарри Поттер ҳақидаги фильмларда Гермиона ролини ижро этган ва ўшанда 11 ёшда бўлган актриса  Эмма Уотсонга ишқи тушиб қолиб, агар дўстининг қизи билан бирга бўла олмаса, унга уйланмоқчи бўлган. Бу ҳақда Жексонни даволаган шифокор Конрад Мюррей юлдузли мижозининг ҳаёти ҳақида очиқ-ойдин маълумотлар берилган китобида маълум қилган. Бу ҳақда Mirror нашри хабар бермоқда. 

Мюррейнинг айтишича, Жексон ўзининг дўсти Марк Лестернинг 5 ёшли қизини севган. Қиз 12 ёшга тўлганда Майкл унга турмушга чиқишни таклиф қилган, бироқ қизнинг отаси бу Британия ва АҚШ қонунларига зид келишини айтиб, бунга қарши чиққан.
 
Ўшанда Жексон ўзига бошқа муҳаббат объектини топиб, актриса Эмма Уотсонга эътиборини қаратган. Ўшанда Уотсон 11 ёшда бўлган, бироқ қўшиқчи бунга қарамай унга уйланиш нияти бўлган. 

Маълумки, поп-мусиқа қироли бир неча маротаба ёш болалар номусига тегишда айбланган. 1993 йилда унга қарши 13 ёшли болага тегажоғлик қилиш бўйича иш қўзғатилган. Бироқ иш қўшиқчи ва боланинг оиласи орасидаги келишув билан якунланган. Бола оиласи 20 млн доллардан кўпроқ товон пули олган. 2004 йилда ҳам қўшиқчига қарши шундай айблов қўйилган, бироқ бу сафар у оқланган.
 
Мюррей  қўшиқчининг "Мана ҳаммаси" деб номланган хайрлашув тури шарафига ўз китобини худди шундай номлади. Бестселлер бўлиши ваъда қилинаётган бу мемуарлар 19 июлда чоп этилади.

Мавзуга оид