“Қишлоқ қурилиш банк” янги омонат турларини жорий этди
Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги байрами муносабати билан акциядорлик тижорат “Қишлоқ қурилиш банк” томонидан янги омонат турлари жорий қилинди.
Жумладан, банк мижозларга миллий валютадаги муддатли “Мустақил юртим” омонатини таклиф этмоқда. Мазкур омонат турига маблағлар 3 ойга қабул қилинади. Омонатга ҳисобланган фоизлар ҳар ойда ёки омонат муддати тугагандан сўнг тўлаб берилади.
Шунингдек, хорижий валютадаги муддатли “Комфорт” омонати тақдим этилмоқда. Омонатга маблағлар АҚШ долларида, 1 ой муддатга қабул қилинади ва фоизлар ҳар ойда ёки омонат муддати тугагандан сўнг тўлаб берилади.
Бугунги кунда АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” тизимида 33 дан ортиқ омонат турларига маблағлар жалб қилинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида банк томонидан “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси бўйича миллий валютада муддатли “Ёрқин келажак”, “Соғлом авлод учун”, шунингдек, миллий валютада муддатли “Юқори даромад”, “Омад”, миллий валютада жамғармали “Имконият”, хорижий валютада муддатли “Капитал плюс” каби янги жозибадор омонат турлари жорий қилинди.
Шу билан бир қаторда банк томонидан аҳолига кенг қулайлик яратиш мақсадида намунавий уй-жойларни сотиб олиш учун бошланғич бадални йиғишда ёрдам берадиган қатор омонат турлари ҳам жорий қилинган. Хусусан, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар учун дастлабки бадалларни жамғариш мақсадида жорий қилинган “Қурилишга бошланғич бадал” омонатига ҳисобланган фоизлар омонатчи талабига кўра “Қишлоқ қурилиш инвест” компанияси ҳисобрақамига ёки омонатчининг талаб қилиб олингунча омонат ҳисобрақамига кўчирилади.
“Мадад” омонат тури ҳам намунавий уй олган фуқаролар учун жорий қилинган. Омонатчи ўз пул маблағларини шартнома муддати тугагунга қадар шартномада келишилган шартлар асосида омонат асосий суммасини нақд шаклда олиши, бошқа омонат турига нақдсиз равишда расмийлаштириши ёки уни бошқа банк муассасасига ўтказиши мумкин. Унинг яна бир афзаллиги фоизлар ҳар ойда омонатчининг ипотека кредити ҳамда фоиз тўловларига йўналтирилади.
Банкнинг малакали персонали томонидан кўрсатилаётган сифатли хизматлар мижозлар, хусусан, омонатчилар сонининг муттасил ошиб боришини таъминламоқда. 2016 йил 1 август ҳолатига АТБ “Қишлоқ қурилиш банк”нинг жами омонатчилари сони 75 минг нафардан ошди ва уларнинг банкдаги қўйилмалари (уй-жой маблағларисиз) 201,9 млрд. сўмни ташкил қилди.
Банк томонидан чакана хизматлар бозоридаги фаолиятни доимий кенгайтириб бориш, мижозларнинг банк фаолиятига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш чоралари кўриб келинмоқда. Ҳозирда банкнинг жамғарма кассаларида омонатчилар билан амалиётлар бажарилишида, омонатчи билан банк ўртасида тузиладиган омонат шартномалари, кирим ва чиқим ордерлари автоматлаштирилган тизим орқали чоп этилиши, омонатчиларга омонат маблағлари тўғрисида маълумот олиш имкониятини берадиган “смс-омонат” хизмати йўлга қўйилган бўлиб, бу орқали омонатчиларнинг вақтлари тежалади ва уларга қўшимча қулайликлар яратилади.
Шунингдек, банк минтақавий филиалларида “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги қонуни асосида фуқароларнинг банкдаги омонатларини ҳимоялашни янада кучайтириш мақсадида шахснинг бармоқ излари намунасидан фойдаланиш “Биометрик идентификациялаш” тизими жорий қилинмоқда. Мазкур технологиянинг афзал жиҳати шундаки, омонат ҳисобварақларидаги маблағлар билан боғлиқ барча операцияларни омонат эгаси бўлган мижознинг бевосита иштирокисиз амалга ошириш имкони бўлмайди ва омонат маблағларига нисбатан банк ходимларининг дахлсизлиги таъминланади.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, қонун билан кафолатланган банкка қўйилган омонатларнинг сир тутилиши ва мерос ҳуқуқи билан ҳимояси ҳам банкнинг доимий назоратида. Омонат ҳисобварақлари, депозит сертификатлари бўйича олинадиган даромад ва ютуқлар барча турдаги солиқлардан озод қилинган ва уларнинг тўлиқ ҳажмда қайтарилиши Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди томонидан кафолатланган. Депозитлар бўйича операциялар банк сири сифатида таснифланиб, унга қатъий риоя қилиниши устидан тегишли назорат ўрнатилган. Омонатларга қўйилган маблағлар ва маблағлар белгиланган муддатларда омонатчиларнинг биринчи талаби билан қайтариб берилади.
2015 йил якунларига мувофиқ аҳолининг омонатларини жалб қилиш бўйича республика тижорат банклари ўртасида ўтказилган танлов натижаларига кўра “Қишлоқ жойларда аҳоли омонатларини жалб қилиш бўйича йилнинг энг яхши филиали” номинацияси бўйича банкнинг Когон филиали иккинчи ўринни, “Шаҳарларда аҳоли омонатларини жалб қилиш бўйича йилнинг энг яхши мини-банки” номинацияси бўйича банкнинг Фарғона филиали “Фарғона” мини-банки биринчи ўринни, “Қишлоқ жойларда аҳоли омонатларини жалб қилиш бўйича йилнинг энг яхши мини-банки” номинацияси бўйича банкнинг Беруний филиали “Тўрткўл” мини-банки учинчи ўринни эгалладилар.
Бугунги кунда АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” тизимида 42 та филиал, 48 та минибанк ва 186 та шаҳобчалар фаолият юритмоқда ва уларда 692 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахс мақомидаги мижозларга хизматлар кўрсатилмоқда.
2016 йилнинг 1 август ҳолатига банкнинг соф активлари 5 122,9 млрд. сўмга ва жами капитали 464,3 млрд. сўмга етди.
Банк Ахборот хизмати.
Хизматлар лицензияланган. Реклама ҳуқуқи асосида.
Мавзуга оид
19:03 / 16.12.2024
Маҳалла банкирлари фаолияти йўлга қўйилади
10:41 / 30.11.2024
Банкдаги танишлари орқали тадбиркорга 10 млрд сўм ажратиб беришини айтган шахслар ушланди
08:51 / 29.11.2024
Банклар балансидаги иссиқхона ва цехлар тадбиркорларга берилиши мумкин
10:06 / 24.11.2024