Light | 12:20 / 24.08.2016
24628
2 дақиқада ўқилади

Россиялик учувчи Instagram юлдузига айланди

Инстаграмда S7 авиакомпаниясининг иккинчи учувчиси Юрий Яшин бошқариб борадиган саҳифа машҳур бўлиб бормоқда. У Салехарддан Грециягача, Дублиндан Семейгача (Қозоғистондаги шаҳар, собиқ Семипалатинск) — рейслар орасидаги танаффус вақтида учувчи булутлар орасида баҳайбат "пўлат қуш"дан туриб олинган суратларни жойлаштириб боради. 

Юрийнинг отаси ва бобоси ҳам учувчи бўлган. Ўзи эса Ульяновский номидаги фуқаролар авиация институтини тамомлаган.

«Аслида парвоз пайтида суратлар олишга вақт кўп бўлади. Ҳозир авиацияда кема капитани ва иккинчи учувчи ўртасида вазифалар аниқ бўлиб олинади: барча мажбуриятлар тенг тақсимланади. Учувчилар барча ишни бирга бажаришади: ҳужжатларни йиғади, самолётга қуйиладиган ёқилғи миқдори ҳақида қарор чиқаради ва бошқалар», — дейди Юрий НСН ахборот агентлигига берган интервьюсида.

Юрий Canon Mark 2 фотоаппаратида тасвирга олади. Баъзан эса инстаграмга мобиль телефони орқали олинган суратларни ҳам жойлайди.  

Учувчи болалигидан сурат олишга қизиқиб келади, ҳаттоки мактаб вақтида фототўгаракларга ҳам қатнаган. Шундан сўнг у ўзига қизил чироқли хонада сирли дунёни очади. 

«Instagram саҳифасининг машҳурлигига менинг суратларим таъсирлилиги сабаб бўлди. Мен ҳеч қачон ўз саҳифамни пиар қилмаганман. Мен шунчаки қизиқарли иш билан бандман, ишимни тасвирлайман ва уни инсонлар билан бўлишгим келади», — дейди Юрий.

«Йирик тоғ тизмалари ёки чуқур кўллар йўқ бўлган оддий осмон остида парвоз қила туриб, осмон ва ерда ажойиб суратлар пайдо бўлишини таърифлашга тил ожиз. Қайси йўналиш гўзалроқ бўлишини айтиш мушкул — кўпчилиги атмосфера, фасл ва шаффофликка боғлиқ. Яхши фотосурат рецептини айтиб бўлмайди, сабаби уларнинг ҳар бири бетакрор. Энг катта қадр-қиммат мана шунда», — деб ҳисоблайди Юрий.

Мавзуга оид