Ўзбекистон | 20:34 / 07.09.2016
42121
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев «Боинг – фуқаро самолётлари» компанияси президенти билан учрашди

Ўзбекистон республикаси бош вазири Шавкат Мирзиёев 7 сентябрь куни «Боинг – фуқаро самолётлари» компанияси президенти Рэймонд Коннерни қабул қилди. 

Ўзбекистон республикасининг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов вафоти муносабати билан Рэймонд Коннер «Boeing» компанияси номидан Ўзбекистон ҳукумати ва халқига чуқур ҳамдардлик билдирди. 

«Boeing» компанияси билан фуқаро авиацияси соҳасида эришилган юқори даражадаги ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорлик мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов қўшма лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани самараси экани таъкидланди. 

Бугун «Boeing» компанияси Ўзбекистоннинг йўловчи ташийдиган замонавий самолётлар етказиб бериш, улардан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш борасидаги ишончли ҳамкори ҳисобланади. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси айни пайтда 15та «Boeing» самолётидан фойдаланмоқда. Миллий авиакомпания томонидан амалга оширилаётган барча ташувларнинг ярмидан кўпи айнан ушбу ҳаво лайнерлари ҳиссасига тўғри келмоқда ва бу авиакомпаниямизнинг минтақадаги йирик ҳамда жадал ривожланаётган авиакорхоналардан бири сифатидаги ўрнини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда. 

Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида миллий авиакомпания самолётлари сафига энг замонавий ва шинам «Boeing 787 Dreamliner» ҳаво кемаси ҳам қўшилди. Мазкур лайнер шу йилнинг 5 сентябридан Урганч, Бухоро ва Нукус шаҳарларига дастлабки парвозларни амалга оширган бўлса, келгуси ҳафтадан халқаро авиайўналишларга қатнай бошлайди. Жорий йилнинг ноябрь ойида эса Ўзбекистонга иккинчи «Dreamliner» келтирилади. 

Ўзбекистонда, жумладан, миллий авиакомпания ўқув-машғулот марказини комплекс тренажёр ускуналари билан таъминлаш орқали учувчи ва мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорликда самарали ишлар олиб борилмоқда. 

Шу йилнинг январь ойида янги қўшма лойиҳа – «Uzbekistan Airways Technics» авиакорхонаси базасида замонавий самолётлар конструкциясининг йирик композит материалларини таъмирлаш бўйича минтақавий марказ ишга туширилди. 

Рэймонд Коннер қўшма лойиҳалар қўллаб-қувватланаётгани учун самимий миннатдорлик билдирди ва у раҳбарлик қилаётган компания ўзбекистонлик ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли ҳамда самарали ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини таъкидлади.

Мавзуга оид