Жаҳон | 09:49 / 08.09.2016
11426
2 дақиқада ўқилади

Трамп Россия билан "жуда ва жуда яхши" муносабатларни йўлга қўймоқчи

АҚШ президентлигига республикачилар партиясидан номзод бўлган Дональд Трамп сайловда ғалаба қозонгудек бўлса, Россия билан "жуда яхши" алоқалар ўрнатишини маълум қилди.

"Менимча биз Путин ва Россия билан жуда ва жуда яхши муносабатда бўламиз... Ўйлайманки, мен улар билан келишаман", деган Трамп NBC News телеканали эфирида.

У Путиннинг Россиядаги нуфузи Обаманинг АҚШдаги нуфузидан юқорироқ экани ҳақида фикр билдирган.

Телеканал мухбири суҳбат вақтида Трампга унинг "Путиндан мақтов эшитиш ёқимли эканини тан олгани" ҳақида айтган гапини эслатган. Журналист Россия раҳбари ҳақида салбий фикр уйғотишга ҳаракат қилган, уни Қримни аннексия қилишда, Сурия ва Эронни қўллаб-қувватлашда, "АҚШнинг минтақалардаги таъсирларига зарар етказишда" айблаган. Шунингдек, россиялик хакерлар Демократик партия вакилларига киберҳужумлар уюштириб, АҚШдаги сайловларга таъсир кўрсатишга уринишини эслатиб ўтган.

Трамп охирги айбловга шундай муносабат билдирган: "Бу аслида шундай бўлган-бўлмаганини ҳеч ким билмайди".

"Сиз мен Обама нима ишлар қилгани ҳақида эслатишимни истаяпсизми?", дея айбловларга жавоб берган республикачи номзод.

"Агар Путин мени мақтаган бўлса, мен буни қабул қиламан. Лекин у бундан бирон наф кўради деб ўйламайман... Бу аҳамиятга эга эмас", деган ва АҚШ президенти бўлганида биринчи навбатда мамлакат манфаатларини ҳимоя қилишига шама қилган.

Мавзуга оид