Жамият | 15:38 / 11.09.2016
14938
2 дақиқада ўқилади

Шайх Зайниддин жоме масжидида Қурбон ҳайити олдидан ҳашар ўтказилди

Хабарингиз бор, 2016 йилнинг 9 сентябрь куни “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинди. Мазкур байрамга муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Шайх Зайниддин жоме масжидида ҳашар ўтказилди. 

Масжид жамоаси ҳашарда фаол иштирок этди. Тозалик тадбири доирасида масжид ҳудуди, хонақолар, таҳоратхоналар ва ташқаридаги ҳудудлар тозаланди, дов-дарахтлар шоҳ-шаббалар буталиб, гуллар экилди, покиза ҳолга келтирилди. Намозхонларнинг ҳайит намозини тинч-осойишта адо этишлари учун масжиднинг барча ҳудудлари тегишли вакиллар кўмагида кўздан кечирилди. Шунингдек, тозалик ишлари қабристон ҳудудида ҳам ўтказилди ва унда бир неча кўнгилли ёрдамчилар ҳам иштирок этди. Масжиднинг кириш қисмига байрам шукуҳини акс эттирувчи табрик пешлавҳалари ўрнатилди.

Айтиш керакки, Қурбон ҳайити саҳоват, мурувват ва силаи раҳм айёми ҳамдир. Байрам муносабати билан Шайх Зайниддин жоме масжиди вакили ва маҳалла оқсоқоллари биргаликда Кўкча, Исломобод, Боғкўча МФЙдаги кам таъминланган, моддий ёрдамга мухтож оилаларга хайр-эҳсон ва ҳадялар улашишди. 

Эслатиб ўтамиз, Қарорга мувофиқ, Қурбон ҳайити байрами 12 сентябрь куни нишонланади. Қурбон ҳайити намози эрталаб соат 06.15 да ўқилади.

"Шайх Зайниддин" жоме масжиди матбуот хизмати

Мавзуга оид