Фан-техника | 00:14 / 23.09.2016
7295
2 дақиқада ўқилади

Samsung Galaxy Note 7 туфайли ёниб кетган жип ҳақидаги воқеа ёлғон бўлиши мумкинлиги айтилди

Samsung компаниясининг таъкидлашича, турли давлатлардаги истеъмолчиларнинг Galaxy Note 7 смартфонлари ёнғин келтириб чиқаргани ёки портлагани ҳақидаги 26 та хабари шубҳали бўлиб чиқди. 

12 та ҳолатда компания айнан смартфон нохушликка сабаб бўлганининг исботини топа олмаган, 7 та ҳолатда эса шикоят қилган харидорлар билан на телефон, на электрон почта орқали боғланиб бўлмаган. Яна 7 нафар харидор айтган сўзларидан қайтганлар ёки яроқсиз телефонни ташлаб юборганларини айтганлар.

Смартфон туфайли АҚШнинг Сент-Питерсберг шаҳрида Jeep Grand Cherokee жипининг ёниши энг катта шов-шувни келтириб чиқарган. Бу ҳақда 7 сентябрда FOX 13 News телеканали маълум қилган. Жип эгаси ёнғинга у машинада қолдириб кетган смартфон сабаб бўлганига ишончи комиллигини айтган. Бироқ шаҳар ўт ўчириш жамоаси бу ҳақиқатда шундай бўлганини аниқлай олмаган.  

Фойдаланувчиларнинг шикоятларига қарамасдан, ҳозирча компания устидан судга фақатгина 28 ёшли флоридалик Жонатан Стробел шикоят қилган. У Samsung Galaxy Note 7 унинг шимининг олди чўнтагида портлаб кетганидан 2-даражадаги куйиш жароҳати олган.

2 сентябрда бир неча нохуш ҳолатлардан кейин компания смартфонни хавфли деб тан олган. Компания смартфонни сотишни тўхтатган ва сотилган барча смартфонлар алмаштириб берилишини эълон қилган. 

 

Мавзуга оид