Ўзбекистон | 19:43 / 27.09.2016
43850
2 дақиқада ўқилади

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида ҳоким ўзгарди

Халқ депутатлари Боёвут тумани Кенгашининг навбатдан  ташқари ўн бешинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўриб чиқилди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан хабар қилинган.

Депутатлар вилоят ҳокими Ойбек Ашурматовнинг Боёвут тумани ҳокими лавозимига «Ўзвиносаноат-холдинг» компанияси бошқаруви раисининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Раҳимжон Маҳамаджонович Бобоевни сайлаш тўғрисидаги қарорини муҳокама қилди.

27-Иқбол сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати, Боёвут тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими мудири Ўразали Норбўтаев, 23-Ҳосилобод сайлов округидан туман Кенгаши депутати, Боёвут агросаноат касб-ҳунар коллежи директори Гўзал Саитқулова,  «Олмазор» қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Алиқул Хонимқулов  ва бошқалар ўз сўзларида ҳокимликка номзод ҳақида илиқ фикрлар билдириб, депутатлардан вилоят ҳокимининг қарорини тасдиқлашни сўради.

Раҳимжон Маҳамаджонович Бобоев Боёвут тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Сессияда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, вилоят ҳокими Ойбек Ашурматов туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисида маъруза қилди.

Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси Даврон Назармухамедов иштирок этди ва сўзга чиқди.

Мавзуга оид