Light | 18:34 / 03.10.2016
43421
4 дақиқада ўқилади

Сўнгги йилларнинг энг ғаройиб 9 кашфиёти (фотожамланма)

Биз замонавий тиббиёт, астрономия ва техника соҳасидаги ютуқларни диққат билан кузатамиз ва дунёни яхши томонга ўзгартириши мумкин бўлган кашфиётларни кутамиз. Бироқ ҳамма кашфиётлар ҳам оғир касалликларни тузатиш учун мўъжизавий дори воситаларини яратиш ёки техник янгиликлар қилишга мажбур эмас. “Популярная механика" нашрида сўнгги йилларда қилинган энг ғаройиб кашфиётлар рўйхати ҳавола этилди. 

Қизил пакулар - пиранияларнинг энг яқин қариндошлари, бироқ улардан фарқли ўлароқ, гўшт истеъмол қилмайди. Жанубий Америка пакусини яқинда Мичиганнинг шимолий қисмида (АҚШ) овлашга муваффақ бўлишган. 

Тинч океанининг сув ости дунёсини ўрганаётган Nautilus кемаси олимлари жуда ноёб калмар турларидан бўлган Rossia pacifica’га дуч келишган. Юмшоқ ўйинчоқни эслатувчи бу митти моллюск 1300 метр чуқурликда яшайди ва одатда денгиз тубидан юқорига кўтарилмайди.  

Австралиянинг мудроқ агамлари мия тўлқинларини ўрганган немис олимлари уларда тезкор уйқу фазасини аниқлашди. Илгари бу фаза фақатгина қушлар ва сут эмизувчиларга хос бўлган, деб ҳисобланарди, энди эса бу жараён калтакесакларда ҳам кузатилган.

 

Сув қандай пайдо бўлган? Энг машҳур назария – уни муз астероидлари олиб келгани, лекин яқин-яқингача бунинг исботи бўлмаган. Ниҳоят, Антарктидада метеорит топишди, унда эса – қисман сувдан иборат опаллар. Тошларни ўрганиш унда оғир изотоплар мавжудлигини кўрсатди, бу эса унинг Ердан ташқарида пайдо бўлганлигига ишора қилади. Астероид ҳақиқатдан ҳам қачонлардир Ерга сув олиб тушган. У тушгунга қадар Ерда сув бўлган ё бўлмаганлиги номаълум. 

Олимлар келиб чиқиши тушунарсиз бўлган чувалчангсимон мавжудотлар Symsagittifera roscoffensis’ни кузатишга муваффақ бўлишганди. Яқинда эса яна бир ҳодисанинг гувоҳи бўлишди: “чувалчанглар” улкан спирал кўринишидаги гуруҳларга ажралиб, сув ўсимликлари ҳудудини кенгайтириб, янада самарали жонли қуёш панелларини ҳосил қилишар экан. 

Дунёда мислсиз ифорлар бордек туюлади, бироқ америкалик олимларнинг маълум қилишича, уларнинг ҳар бири асосий 10 ҳиднинг бирикмаси ҳисобланади. Рўйхат эса қуйидагича: хушбўй, ёғоч/резина, мевалар (цитруслардан ташқари), ўткир/ёнувчи, кимёвий, ялпизли, ширин, бодроқли, беҳузур ва лимонли. Шуниси қизиқки, бодроқ ҳиди жуда кўп таомларга хос экан.  

Энг самарали антибиотиклардан бири кутилмаганда инсон бурнидан аниқланган. Айнан шу аъзода бизни бошқа инфекциялардан ҳимояловчи Staphylococcus lugdunensis бактерияси яшар экан. Унда ишлаб чиқиладиган антибиотик “лугдунин” номини олди ва лабаратория синовларида ажойиб натижалар кўрсатди. 

Одамлар ва бошқа приматлар уйқу вақтида табассумни эслатувчи юз мушаклари ҳаракатларини намойиш этишади. Манбага кўра, айнан шу омил кулгунинг пайдо бўлишига сабаб бўлган. Киото олимлари томонидан ўрганилган япон макакалари уйқу вақтида худди одамлардек юз ифодаларини намоён этган. 

Мавзуга оид