Light | 21:14 / 05.10.2016
16348
6 дақиқада ўқилади

Энг самарали ҳаво тозалагичлар аниқланди

Фото: Hi-Tech Mail.Ru

Энг самарали ҳаво тозалагични аниқлаш бўйича тест синовлари ўтказилди, унда Daikin, BORK, Ballu, Tefal, Xiaomi, Philips ва Panasonic қурилмалари иштирок этди. Тест натижалари ҳақида hi-nech.ru нашри хабар берди. 

Ҳаво тозалагич нима учун керак?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, ҳар йили ифлосланган ҳаво натижасида 7 миллиондан ортиқ ўлим ҳолати қайд қилинади. Афсуски, бу кўрсаткичлар борган сари ўсиб бормоқда. ЖССТ экспертлари фикрича, ифлос ҳаво - бугунги кунда инсон ҳаётига хавф солувчи йирик экологик таҳдид. 


 
Ҳаводаги турли аралашмалар инсонда кўплаб касалликлар ривожланишининг хавфини оширади, аллергия ва астмага йўлиққан беморлар ҳаётини сезиларли даражада қийинлаштиради. Шундай пайтларда ҳаво тозалагич ёрдамга келади. 

Ҳаво тозалагичлар қандай синалди? 

Ҳар бир ҳаво тозалагич максимал ишлаш тезлигида синовдан ўтказилди. Ҳаво тозалагичлар ParticleScan Pro - майда дисперс заррачаларни ҳисобловчи профессионал ускунада "синалади". Қурилмалар энг қатъий стандартларга кўра синовдан ўтказилди.

Барча моделлар бир бино ичига жойлаштирилган, ParticleScan Pro ускунаси кўрсатган ифлослик даражаси бу ерда тахминан 2 миллион заррачани ташкил қилди. Айнан энг кичик ифлосланишлар инсон учун хавф туғдиради. 

Қайси ҳаво тозалагич яхшироқ? 

Daikin Ururu MCK75JVM K турли хил фильтрларга тўла: катехинли, гофрили, фотокаталитик, шунингдек ҳидлар, вируслар ва бактерияларни йўқ қилиш учун титан-минералли фильтрлар. 

Ҳаттоки стиммер заряди мавжуд - у формальдегид молекуласи ва бошқа зарарли кимёвий моддаларни нейтраллаштирувчи тезкор электронларни ҳосил қилади. Бунга яна ҳавони намлантиришни ҳам қўшинг. НЕРА-фильтрдан эса японлар воз кечишган. 

Афтидан бундай кучли тўсиқни ҳеч бир чанг зарраси кечиб ўтолмайдигандей туюлади, аслида бундай эмас. Daikin ўтказилган синов тестида охирги - еттинчи ўринни эгаллаган. Бундай натижа кўпчилик мутахассисларни ажаблантирди. 

BORK A803 AirEngine ҳаво тозалагичи Daikin'ни ортда қолдирди, шунинг ўзи у учун ғалаба. Унга патентланган GREEN 360° тозалагичи ўрнатилган. Ушбу ҳаво тозалагичнинг омадли эгалари бемалол нафас олиб яшайверишлари мумкин бўлади. 

Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, ҳаво тозалагич 0,1 мкм'гача бўлган заррачаларни ушлаб қолишга ва хилма-хил ҳидларни нейтраллаштиришга қодир. Бироқ тадқиқотчиларнинг профессионал сканери бу борада ўз сўзини айтиб, бу қурилмага 6-ўринни берди. 

Ballu AP-155 ҳаво тозалагичи 5-ўринга муносиб кўрилди: унда ҳаво аввал нисбатан йирик заррачаларни ушлаб қолувчи Pre-Carbon-фильтридан ўтади, ундан сўнг НЕРА-фильтр, кейингина VOC-фильтрдан ўтади. Мазкур қурилма ёқимсиз ҳидлар, кимёвий бирикмаларни нейтраллаштиради ва ҳавони ионизациялаштиради. 

Эслатиб ўтамиз, тест синовининг мақсади - ҳавони майда дисперсли заррачалардан тозалаш хусусиятини текширувдан ўтказиш ва бу таснифда Ballu 5-ўринни эгаллаган. 

Бизни яна бир карра ажаблантирган натижа бу - Tefal Intense Pure Air PU4025 тозалагичининг 4-поғонани забт этгани. Тўғрисини айтинг, Tefal бренди деганда кўз олдингизга нима келади? Эҳтимол, кўпчиликнинг кўз ўнгида Tefal товалари намоён бўлар. Ҳаво тозалагич-чи? Бундан буён Tefal'нинг бу маиший техникаси ҳам ишончли эканини ёдда тутинг. 

Ушбу ҳаво тозалагич 4 фильтрлаш  даражасига эга: ҳавони йирик чангдан дастлабки тозалаш, фаоллаштирилган кўмир,  НЕРА-тозалаш ва ниҳоят, формальдегидни ўлдирувчи фильтр. 

Кичик сенсация: ғолиблар учлигини Хитойнинг Хiaomi Mi Air Purifier 2 ҳаво тозалагичи эгаллади. Бугунги кунда Хiaomi русуми борган сари кўплаб инсонларнинг эътиборини қозонмоқда, бироқ бу унча қиммат бўлмаган замонавий смартфонлар туфайлидир. Бу ерда эса кутилмаганда компаниянинг ҳаво тозалагич ишлаб чиқаришидан ҳам бохабар бўлдик. Хитой сегменти бу борада кучли чиқиб, Хiaomi'га 3-ўринни тақдим этди. 

Унинг фильтрлари икки қисмдан иборат: тўрли ва НЕРА фильтрли ташқи тозалагич ҳамда фаоллаштирилган кўмир тўлдирилган, кокос ёнғоқлари пўстидан тайёрланган ички тозалагич.

Philips ҳаво тозалагичининг тестда етакчи 2-ўринни эгаллаши ажабланарли эмас. Мазкур компания турли тиббий технологияларни ишлаб чиқариши билан яхши танилган, биз кўп вақтимизни ўтказадиган иншоотлардаги ҳавони тозалаш эса саломатликни сақлашга ёрдам беради. 

Philips AC3256/10 тозалагичининг кузатиш ҳамда ҳаводан аллергенларни "эвакуация қилувчи" авторежими мавжуд. Шунингдек у ҳаво сифатини назорат қилувчи сенсор тизимига ҳам эга.

Фильтрлар тўплами ва ўрнатиш схемаси бу қуриламада оддий: дастлабки (йирик чанг, жун), кўмир (ҳидлар, газсимон ифлосланиш) ва юқори самарали НЕРА-фильтрлар. 

Panasonic F-VXH70 – бу иқлим мажмуи: ҳам ҳавони тозалайди, ҳам уни намлантиради. Бу қурилмада ҳавонинг тозалиги учун фильтрларнинг классик тўплами жавобгардир. 

Дастлабки тўрли фильтр, фаоллаштирилган кўмир гранулалари бўлган фильтр (ҳидлар ва газсимон ифлосланишга қарши курашади) ва НЕРА-фильтр - айнан у зарарли майда дисперсли чанг, аллергенлар билан курашади, қўшимча фильтрловчи Green Tea Catechin қатлами (кўк чой экстракти билан) эса вируслар фаоллигига босим ўтказади. 

Panasonic F-VXH70 қурилмасида Nanoe технологияси қўлланган: ультракичик диаметрдаги наноионлар ҳаводаги аллергенлар, вируслар ва бошқа ифлосликларни ўзига тортади. Японлар бу технологиянинг самарадорлигини тасдиқловчи кўплаб тадқиқотларнинг гувоҳи бўлишган. Бизга эса унинг натижаси муҳим. Бу қурилма эса бошқаларига нисбатан энг аъло натижаларни кўрсатди. Panasonic – тест синови ғолиби!

 

Мавзуга оид