Ўзбекистон | 09:50 / 25.10.2016
11112
8 дақиқада ўқилади

Тошкентда X Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси бошланди

Тошкентда Х Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида мамлакатимизнинг барча тармоқлари ва етакчи корхоналари иштирок этмоқда. Қурилиш материаллари саноати, енгил саноат, автомобилсозлик, машинасозлик, озиқ-овқат, электротехника ва фармацевтика саноати шулар жумласидан. Иштирокчилар ўзлари ишлаб чиқараётган ёки ўзлаштирилиши режалаштирилаётган маҳсулотлар, саноат кооперацияси орқали маҳаллийлаштиришга таклиф қилинаётган маҳсулотлар турлари ҳамда истиқболли лойиҳалари билан қатнашмоқда. Барча вилоятлар ўзларида мавжуд бўлган, бироқ ҳали талаб даражасида фойдаланилмаётган иқтисодий, молиявий, меҳнат ресурсларини ва истиқболли лойиҳаларни таклиф этмоқда.

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг очилишида  ушбу тадбирлар хўжалик юритувчи субъектларга ишлаб чиқаришни оптималлаштириш, ички тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш, юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида маълумотлар бериш, ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар, хорижий компанияларга кўплаб янгиликлар тақдим этишга хизмат қилиши таъкидланди.

2007 йилдан буён ҳар йили ўтказилаётган мазкур тадбирлар Биринчи Президентимиз   Ислом Каримовнинг  2007 йил 12 ноябрдаги «Ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, 2013 йил 29 январдаги  «Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатдошлилигини янада ошириш ва товарларни республикага ноқонуний олиб киришга қарши курашни кучайтириш тўғрисида»ги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 мартдаги «2016 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан ташкил этилади.

Халқаро саноат ярмаркалари ва кооперация биржалари натижалари мамлакатимиз корхоналари ва хорижий шерикларнинг саноат кооперацияси, товарлар етказиб бериш ва харид қилиш борасида ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантириш, янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш ва ишлаб чиқаришни ташкил этишга қизиқиши йил сайин ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Ўтган ўн йил давомида  мазкур тадбирлар ўз самарасини бергани боис маҳсулотлар тури 20 мингдан ошиб, иштирокчилар 7 баробар, шартномалар тузилиши 11 баробар ўсди. 2015 йилда  Германия, Буюк Британия, Чехия, Канада, Хитой, Корея, Япония, Ҳиндистон, Туркия каби 55 мамлакатдан бир минг уч юздан  ортиқ компания вакиллари иштирок этиб, 8,3 миллиард долларлик шартномалар имзоланган эди. Бу йил Ўзбекистондаги 2 минг 500 дан ортиқ корхона, компания, ташкилот ва кичик бизнес субъекти ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Хорижлик қатнашчилар сони эса 1 минг 300 нафардан ошди. Унда машинасозлик, автомобилсозлик, электротехника, қурилиш, металлургия, кимё, нефть-газ, озиқ-овқат ва енгил саноат, фармацевтика каби соҳаларга доир 24 минг турдан ортиқ тайёр маҳсулот, бутловчи буюм ва материаллар намойиш қилинмоқда. Маълумотларга кўра, 2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш давлат дастури ҳамда 2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастури импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнида муҳим аҳамият касб этмоқда.  

– Ўтган йили ўтказилган биржа доирасида 500 миллион сўмлик шартномалар имзолаб, уларни ўз вақтида бажардик, – дейди «Стандарт электро техника» масъулияти чекланган жамияти тижорат директори Шерзод Муртозов. – Бу йилги тадбирда 800 миллион сўмликдан зиёд шартномалар имзолашни режалаштирмоқдамиз. Ярмаркада ўттиздан зиёд турдаги электротехника жиҳозларини намойиш этмоқдамиз.

Ушбу Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси анъанавий ўтказилишининг қатор афзалликлари мавжуд. Барча саноат тармоқлари ва етакчи корхоналар ўз маҳсулотларини «Ўзэкспомарказ» залларига жойлаштиради. Ортиқча оворагарчиликсиз ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш, яъни бир жойнинг ўзида маҳаллий маҳсулотларни олди-сотди ва етказиб бериш шартномаларини тузиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида келишиб олиш учун барча шароит яратилган.  Унда Ўзбекистон тадбиркорлари билан ҳамкорлик қилиш истаги бўлган чет эллик инвесторларга ҳамкорлик йўналишларини аниқлашда маҳаллийлаштириш кўзда тутилган саноат тармоқларининг тақдимотини ўтказиш орқали барча саволларга ўша жойнинг ўзида атрофлича  тушунтиришлар берилади. 

– Ўзбекистонда бунёдкорлик ишлари йил сайин кенгайиб бораётгани эътиборга моликдир, – дейди «Licon» компанияси бош директори Виктор Лихтнер (Германия). – Замонавий уй-жойлар, йирик иншоотлар қуриш ва уларни таъмирлашга ихтисослашган компаниямиз кўплаб давлатлардаги турдош корхоналар билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бугунги ярмаркада биз Ўзбекистон шароити учун мўлжалланган кўркам ва қулай кўп қаватли уй-жой лойиҳаларини таклиф қилмоқдамиз.

Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш иқтисодий тараққиётнинг муҳим омилларидандир. Мамлакатимиз саноат ишлаб чиқариши ҳажмида маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар кўрсаткичларининг изчил  ўсаётгани бунинг ёрқин тасдиғидир. Зеро, Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида тузилган шартномалар юртимиз корхоналари учун қўшимча тендерлар ўтказмасдан амалга оширилади.

– Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган корхоналар уч йилгача ягона солиқ тўлови, мулк ва фойда солиғи ҳамда божхона тўловлари тўлашдан озод этилади, – дейди «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компаниясининг ахборот хизмати вакили  Темур  Муҳаммаджонов. – Бу ўз бизнеси ва тадбиркорлик фаолияти орқали янги иш ўринлари яратишни режалаштираётганлар учун катта имтиёздир. Сўнгги йилларда компаниямиз корхоналари томонидан 30 дан ортиқ турдаги замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.  Йирик ишлаб чиқариш қувватларининг мавжудлиги, қулай географик жойлашув, юқори сифат корхоналаримизга хорижлик ишлаб чиқарувчилар билан рақобатлашиш ва маҳсулотларимизни экспорт қилиш имконини бермоқда. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган цемент, ойна, шиша буюмлар, том ёпиш материаллари, мармар, гранитдан тайёрланган буюмлар, ғишт, шифер, черепица ўндан ортиқ мамлакатга экспорт қилинмоқда.

Ярмаркада “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси таркибига кирадиган корхоналар элликдан ортиқ турдаги маҳсулотларини намойиш этмоқда. Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, мамлакатимиз саноат комплексининг бошқа тармоқлари билан кооперация алоқаларини ривожлантириш асосида импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш масалаларига алоҳида аҳамият берилмоқда.

«Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти ҳам ярмаркада фаол иштирок этмоқда. Жамиятнинг маҳаллийлаштирилган ва экспортга мўлжалланган маҳсулотлари 80 дан ортиқ бўлиб, шундан 13 турдагиси янги ўзлаштирилган.

– Стендимизда жорий йилда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури доирасида ўзлаштирилган ва экспорт қилинаётган, истиқболда ишлаб чиқариш кўзда тутилган маҳсулотлар намойиш этилмоқда, – дейди «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятининг маркетинг ва халқаро алоқалар  бўйича  бош мутахассиси Отажон Илёсов. – Мазкур саноат форумида иштирок этиш келгуси йилги режаларни бажаришда ва корхонамизнинг барқарор фаолият юритишида муҳим омил бўлмоқда. Масалан, шу йил ўтказилган ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида маҳсулотларимизни  экспорт қилиш бўйича 4 миллион 582 минг долларлик шартномалар туздик.  Халқаро ярмарка доирасида 150 га яқин шартнома имзолаш мўлжалланмоқда. Шундан 70 дан ортиғи кимёвий маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича бўлиб, умумий суммаси 265,8 миллион долларни ташкил этади.

Мазкур форум доирасида мамлакатимизнинг етакчи саноат корхоналари ўз тақдимотларини ўтказади. 

Ишлаб чиқариш корхоналарининг секторлар бўйича жойлаштирилгани, павильонларда эълон қилинган маълумотлар тадбирлар иштирокчиларига ўзларини қизиқтирган объектлар, расмий вакилларни тез топиш имконини бермоқда.  

X Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.Розуқулов сўзга чиқди.

Мавзуга оид