Жаҳон | 18:01 / 31.10.2016
6238
2 дақиқада ўқилади

Ироқ ҳарбийлари Мўсулнинг шарқий қисмига кирди

Фото: Reuters

Ироқ ҳарбийлари Мўсул шаҳрининг шарқий қисмида жойлашган Ал-Карама туманига етиб борди. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар берган.

РИА Новости агентлигининг Rudaw манбасига асосланиб хабар қилишича эса, ироқлик ҳарбийлар шаҳар чегараларидан 800 метр масофада тўхтаган ва бир неча соат ичида шаҳарга кириши кутилмоқда.

"Биз Мосулдан 800 метр нарида турибмиз", — деган қўмондонлардан бири Rudaw агентлигига.

Ироқ ҳарбийлари ва полиция кучлари ҳамда АҚШ бошчилигидаги коалиция қўллаб-қувватлаётган курд кўнгиллари 17 октябрь тонгида Мўсулни озод этиш учун юриш бошлаганди. Унда 60 мингга яқин ҳарбий қатнашмоқда. Америкаликлар разведкаси маълумотига кўра, шаҳар мудофаасида 5 мингга яқин террорчи қолган. Шунингдек, шаҳар атрофидаги ҳудудларда 2 минг нафарга яқин террорчи қаршилик кўрсатмоқда.

Бугун Ироқ ҳукумат кучлари 3 кунлик танаффусдан сўнг Мўсулга ҳужумни давом эттирди. Жума куни Ироқ қўмондонлиги эришилган муваффақиятни мустаҳкамлаш мақсадида 3 кунлик танаффус эълон қилганди.

31 октябрь тонгида шаҳар марказида кучли портлаш рўй берди. Бу ҳужум нишони ИШИД раҳбари бўлган. Портлаш оқибатлари ҳақида маълумот берилмаган.

Мавзуга оид