Жамият | 00:47 / 02.11.2016
139754
2 дақиқада ўқилади

Таниқли актёр Матёқуб Матчонов амнистия билан озодликка чиқарилди

31 октябрда ўзбек кино ва театрининг машҳур актёри Матёқуб Матчонов Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган амнистия ҳақидаги қарорга кўра суд залидан озод қилинди. Бу ҳақда podrobno.uz нашри хабар бермоқда.

Актёр Ўзбекистон Конституциясининг 24 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистияга мувофиқ озод қилинди.  

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистга нисбатан бир қатор иқтисодий ва молиявий жиноятларни содир этганлик айблови қўйилганди. У жорий йилнинг 4 июлида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан улгуржи савдо билан шуғулланувчи "Марса" тижорат ташкилотининг асосчиси ва раҳбари сифатида ҳибсга олинганди.

60 ёшли актёрга савдо қоидаларини бузиш, солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби айбловлар қўйилганди.
Маълум қилинишича, актёр ўзига қўйилган айбларни инкор этган.

Бироқ терговдан хабардор бўлган манбаларнинг айтишича, Матчонов ва "Марса" ходимлари 180 млн сўмлик камомадни қоплаб беришган.

Мавзуга оид