Жамият | 18:25 / 10.11.2016
6093
6 дақиқада ўқилади

Сўз эркинлиги – шаффоф сайлов ташкил этишнинг муҳим омили

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган семинарда сайлов жараёнида ахборот ва сўз эркинлигини таъминлашнинг долзарб жиҳатлари кўриб чиқилди.
Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда парламент қуйи палатаси депутатлари, ҳуқуқшунослар, ахборот соҳаси ва сайлов жараёнлари экспертлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ҳамда журналистлар қатнашди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда жамиятда очиқ, эркин фикр алмашиш йўлга қўйилган бўлиб, ­оммавий ахборот воситаларининг самарали фаолият кўрсатиши учун шароит яратилган ва у орқали турли фикр ҳамда қарашларни эркин билдиришга қулай муҳит шакллантирилган.

Бу эса сайлов жараёни субъектлари фаолиятининг очиқлиги таъминлангани ҳолда, ҳақиқий демократик, шаффоф ва адолатли сайловларни ташкил этиш, ­фуқароларнинг эркин хоҳиш билдириш ҳуқуқини амалга оширишда муҳим асос бўлмоқда.

Мустақиллик йилларида сайловларда сўз ва ахборот эркинлигини чинакамига таъминлаш, ахборот соҳасини демократлаштириш ва либераллаштириш борасида улкан ишлар амалга оширилиб, муҳим натижаларга ­эришилди. Ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи ­юксак демократик стандартларга жавоб берадиган мустаҳкам қонунчилик базасининг яратилгани мазкур фаолиятнинг асосини ташкил этишда алоҳида аҳамият касб этаётир. “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир. “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ­фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши мазкур йўналишда муҳим қадам бўлиб, фуқароларнинг ахборот олиш конституциявий ҳуқуқини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Таъкидланганидек, бугун ОАВ фуқароларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ҳамда сайловлар ҳақида билимини кенгайтиришда муҳим роль ўйнамоқда. Мамлакатимиз сайлов қонунчилигида ОАВ сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кенг ёритиши белгиланган.  

— Замонавий дунёда демо­кратик сайловларни мустақил ва эркин бўлмаган оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур қилиш қийин, — деди Олий ­Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Р. Кушербаев. — Негаки, фуқароларнинг ушбу жараённинг барча босқичи ҳақида маълумот олиш ҳуқуқларини кафолатлашда ОАВ катта аҳамиятга эгадир. Шу билан бирга, демократик жараёнларнинг субъекти ҳисобланиб, сайловларнинг очиқ, шаффоф, транспарентлик асосида ўтказилишида алоҳида ўринга эга. Айни чоғда фуқароларнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, демократик қадриятларни таъминлашда ОАВнинг роли каттадир. Улар мамлакат аҳолисига содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ўз муносабатини, фикр ва мулоҳазаларини эркин ифодалаш имконини тақдим этади. ОАВ жамоатчилик фикрини шакллантиради. Бу эса аҳолининг сиёсий фаоллигини юксалтиришга имкон беради, уларнинг мамлакат ижтимоий-­сиёсий ҳаётидаги иштирокини кенгайтиради.
Сўз ва ахборот эркинлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар жараёнида ОАВ фаолиятида рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, ОАВни рўйхатдан ўтказиш учун тўловнинг миқдори сезиларли даражада камайтирилди, ҳужжатларни электрон шаклда топшириш йўлга қўйилди. Бу эса масс-медиа соҳасида рақобат муҳити, фикрлар хилмахиллигини ривожлантиришга, миллий ахборот маконини долзарб фойдаланувчиларнинг эҳтиёжларига мос ахборот билан тўлдиришга имкон яратади.

Ҳозирги вақтда юртимизда бир ярим мингга яқин ОАВ мавжуд бўлиб, уларнинг 380 таси интернет-нашрларидир. Улар нафақат ўзбек ва рус тилларида, балки дунёнинг бошқа етти тилида ҳам иш олиб бораётир.
Семинарда сайлов жараёнини ишончли ва ҳаққоний ёритиш, бу борада аҳоли хабардорлигини таъминлашнинг амалий жиҳатлари ва қонунчилик асосларига оид маърузалар тингланди.
Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 19-моддасига мувофиқ, Ўзбекис­тон қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳар бир фуқаронинг, шу жумладан, сайлов жараёнининг турли жиҳатлари бўйича ўз фикрини эркин билдириш ҳуқуқини тўлиқ кафолатлайди. Бу ҳуқуқ ҳар хил ахборот ва ғояларни излаш, олиш ва тар­қатиш эркинлигини мужассам этган бўлиб, у қонун билан фақатгина бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва қадр-қимматини ҳимоя­лаш, давлат хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини, аҳоли саломатлиги ва ахлоқини муҳофаза қилиш мақсадида ­чекланиши мумкин.

Шу муносабат билан семинар иштирокчиларининг диққат-эътибори журналистларнинг чоп этилаётган материалларнинг сифати учун ҳуқуқий ва касбий масъулиятига қаратилди. Атайлаб ёлғон маълумотлар, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган маълумотларни эълон қилишга йўл қўймаслик ва бу борада масъулиятни таъминлашга оид ҳуқуқий асослар, энг аввало, бизнинг менталитетга, одамларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш каби халқимизнинг ўзига хос маданиятига мосдир. Бу эса сайлов жараёнининг ҳаққоний ўтишига имкон беради.

Семинар иштирокчилари қайд этганидек, сайловолди кампания­сининг таҳлили шуни кўрсатадики, Президентликка номзодлар учун қонунчиликда белгиланган нормаларга мувофиқ равишда тарғибот фаолиятини амалга ошириш учун тенг шароитлар яратилган.

Тадбир давомида иштирокчилар сайлов жараёнларида оммавий ахборот воситалари фаолияти самарадорлигини оширишнинг энг сўнгги технологиялари билан танишдилар. Шунингдек, етакчи миллий оммавий ахборот воситалари сиёсий партиялар ва сайлов комиссиялари тажрибалари билан танишиш имкониятига эга бўлишди.
Семинар якунида фуқароларни ишончли ахборотлар билан таъминлаш борасида журналист­лар ҳамда сайлов жараёни субъектлари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ўтказиладиган сайловларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилди.
Зиёда АШУРОВА.

Мавзуга оид