Жамият | 13:39 / 12.11.2016
94405
6 дақиқада ўқилади

Антропологлар томонидан Одам алайҳиссаломнинг суяклари топилгани ростми?

Savollar.islom.uz портали фойдаланувчиларидан бири қуйидаги савол билан мурожаат этган: “Ассалому алайкум! Саволим ноўрин бўлса узр сўрайман. Билишимизча, Одам алайҳиссаломнинг жуссалари жудаям катта бўлган. Антропологлар томонидан Одам алайҳиссаломнинг суяклари топилганми ёки бу ҳақда бирон бир маълумот мавжудми?”

Ушбу саволга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (раҳимаҳуллоҳ) ҳазратлари жавоб қайтарганлар. 

“Ва алайкум ассалом! Мабодо антропологлар суяк топишган бўлса ҳам у Одам алайҳиссаломнинг суяклари эмаслиги 100 фоиз аниқ. Чунки пайғамбар алайҳимуссаломларнинг жасадлари чиримаслиги ҳадисларда келган. Мабодо ким бўлса ҳам “бирорта пайғамбарнинг суякларини топдик”, деса ҳам, хато қилган бўлади. Одам алайҳиссаломнинг қабрлари қаердалиги аниқ маълум эмас.

Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Албатта, афзал кунларингиздан бири Жумъа кунидир. Унда Одам халқ қилинди. Унда унинг жони қабз қилинди. Унда пуфлаш бордир. Унда қаттиқ қичқириқ бордир. Бас, унда менга саловотни кўп айтинглар. Чунки саловотларингиз менга арз (намойиш) қилинур», дедилар. Саҳобалар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, сиз чириб кетган бўлсангиз, қандай қилиб бизнинг саловотимиз сизга арз қилинур?», дедилар. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ азза ва жалла ерга анбиёларнинг жасадларини ҳаром қилгандир», дедилар».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва салом айтиб туриш ҳар бир банданинг бурчидир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шунга амр қилган. Аммо Жумъа куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш яна ҳам зарур ва алоҳида фазилатга эга эканлигини ушбу ҳадисдан билиб оламиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишнинг аҳамиятини Жумъа кунининг афзал кун эканлигига боғламоқдалар. Шунинг учун ҳам ҳадиснинг аввалида Жумъа кунининг ўзига хос сифатларидан баъзиларини санаб чиқмоқдалар.

Булардан Жумъа куни Одам алайҳиссалом халқ қилинганликлари, худди шу куни у зотнинг жонлари қабз қилинганлигини олдин ўрганган эдик.
Ҳадиси шарифдаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Унда пуфлаш бор», деганларининг маъноси Қиёмат кунида сурга Исрофил алайҳиссалом томонидан пуфлаб чалиш борлигини айтишдир.

Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Унда қаттиқ қичқириқ бор», деганлари ҳам Қиёмат кунига тегишли бўлиб, бу қичқириқ пуфлашдан кейин бевосита бўлади ва ундан кейин ҳамма жонзот ўлади.

Ана шундай воқеаларга хос қилинган кун – Жумъа куни дарҳақиқат, улуғ ва энг афзал кун бўлади.

Шунинг учун ҳам бу кунда алоҳида ибодат, алоҳида дуо, алоҳида саловот бўлиши керак.

Жумъа куни ҳафталик байрамгина эмас, у мискинларнинг ҳажи кунидир. Бу куннинг шарафидан қилинган амалларга ажр-савоблар кўпайтириб берилади.

Ана шундай бир кунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп саловот айтиш жуда ҳам марғуб бир иш. Умматларнинг айтган саловотлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга арз қилинади, Аллоҳнинг амри ила у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саловотларни эшитадилар, улардан хурсанд бўладилар.

Шундай қилиб, ҳам у зотнинг, ҳам у зотга саловот айтганларнинг мартабалари улуғ бўлади.

Шу ўринда Пайғамбаримиз вафот этиб, қабрга қўйилиб, орадан вақтлар ўтганидан кейин қандай қилиб, у зотга айтилган саловотлар арз қилинади, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Бу савол

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги гапларини эшитган саҳобаи икромларда ҳам пайдо бўлган. Дарҳол улар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сиз чириб кетган бўлсангиз, қандай қилиб бизнинг саловотимиз сизга арз қилинур?», дедилар».

Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларидан шубҳаланиб, бу иш бўлиши мумкин эмас-ку, деган маънода эмас, балки қандай бўлишини билиш учун берилган ҳақли савол эди. Ўша пайтда саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этиб, ерга кўмилсалар, бошқаларга ўхшаб, таналари чириб кетади, деган тасаввурда бўлганлар. Шунинг учун ҳам чириб кетган шахсга саловот қандай етишини сўраб, билмоқчи эдилар. Уларнинг бу саволларига жавобан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ азза ва жалла ерга анбиёларнинг жасадларини ҳаром қилгандир», дедилар».

Демак, ер Пайғамбар алайҳиссаломларнинг жасадларини, жумладан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жасадларини ҳам чирита олмайди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Жумъа куни мусулмонларнинг энг афзал куни эканлиги.
2. Жумъа куни Одам ота халқ қилинганлиги.
3. Жумъа куни Одам отанинг жони олинганлиги.
4. Жумъа куни сурга пуфлаш бўлиши.
5. Жумъа куни қаттиқ қичқириқ бўлиб, ҳамма ўлиб, қиёмат қоим бўлиши.
6. Жумъа куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп саловот айтишимиз лозимлиги.
7. Айтилган саловотлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга билдирилиши.
8. Пайғамбар алайҳиссаломларнинг жасадларини ер чирита олмаслиги.

Ушбу ҳадисга амал қилган ҳолда Жумъа кунлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп саловот айтишни йўлга қўйишимиз керак. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Мавзуга оид