Жаҳон | 12:05 / 13.11.2016
6003
2 дақиқада ўқилади

Индианаполисда Трампга қарши норозилик намойишлари вақтида 2 полициячи жароҳатланди

Фото: AFP

Индианаполисда АҚШнинг янги сайланган президенти бўлмиш республикачи Дональд Трампга қарши 12 ноябрь куни ўтказилган норозилик намойишлари вақтида икки нафар полициячи енгил жароҳатлар олган. Бу ҳақда Indy Star хабар берди.

Трампга қарши намойишда асосан қора танлилар, муҳожирлар ва жинсий озчиликни ташкил этувчи қатламлар иштирок этган. Намойишчиларнинг асосий шиори - «Севги нафратни енгади» (Love trumps hate, trump сўзи — карта ўйинидаги крит ҳолатини англатади).

Намойишлар аввалига тинч руҳда кечган, аммо полициячилар тўпланганларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ қўллагач, тартибсизликлар бошланган. Айнан қандай вазиятда тўқнашув бошланганига аниқлик киритилмаган.

Кечқурун штатдаги тепалик олдида 500 киши тўпланган. Митинг иштирокчилари Трампга қарши қўшиқлар куйлашган ва нутқлар ирод қилишган. Кейин эса намойишчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда шаҳар кўчалари бўйлаб ҳаракатлана бошлашган. Полициячилар йўлларни тўсишган.

Митинг соат 20:00гача давом этиши белгиланганди, аммо одамлар тарқалишни исташмаган. Шу вақтда  полиция одамлардан кўчаларни бўшатиб қўйишни талаб қила бошлаган. 15 дақиқа ўтиб эса, полиция билан тўқнашувлар бошланган.

Одамлар полициячиларга қарши шундай ҳайқириқлар айтишган: «Қора танлиларнинг ҳам яшашга ҳаққи бор», «Қўлларингизни кўтаринг, отманг».

Акция якунида 7 киши қўлга олинган, улардан 3 нафари шаҳарда яшамаслиги маълум бўлган.

Трампнинг сайловдаги ғалабаси америкаликлар орасида кескин норозиликлар уйғотди. Атланта, Майами, Нью-Йорк, Сан-Франциско, Портленд (Орегон) ва Филадельфияда бир неча кундан буён намойишлар давом этмоқда.

8 ноябрь куни ўтказилган АҚШ президенти сайловида Республикачилар партияси номзоди сайлов ҳайъатининг 290 овозини олган ҳолда (ғалаба учун 270 овоз ҳам етарли бўларди - таҳр.) ғалаба қилди. Унинг рақиби, Демократик партия номзоди Ҳиллари Клинтон фақат 228 овоз тўплади.

Мавзуга оид