Конституция куни арафасида Ўзбекистон фидойиларига давлат мукофотлари топширилди
Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг фармонларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, юртимиз тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшган, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий соҳаларда фидойилик кўрсатган бир гуруҳ ватандошларимиз давлат мукофотлари – фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган эди.
"Ўзбекистон" анжуманлар саройида 7 декабрь куни ана шу юксак мукофотларни тантанали топшириш маросими бўлди.
– Авваламбор, сиз, азизлар билан бугун мана шундай кўтаринки, самимий кайфиятда кўришиб турганимиздан ғоят хурсандман, – деди Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев. – Барчангизга қалбимда бўлган чуқур ҳурмат ва эҳтиромимни изҳор этишга рухсат бергайсиз.
Мустақиллик йилларида юртимизда кўплаб яхши анъаналар пайдо бўлди. Бугунги учрашувимиз ҳам айни шундай анъаналарнинг давомидир. Бундай гўзал маросимларга Биринчи Президентимиз Ислом Каримов асос солганини барчамиз яхши биламиз.
Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида бир гуруҳ юртдошларимиз Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган эди. Бугун сизларга давлатимизнинг ана шу фахрий унвонлари, орден ва медалларини топширишни ўзим учун катта шараф, деб биламан.
Биз мамлакатимизда эркин ва озод, адолатли, инсонпарвар жамият барпо этмоқдамиз. Шу борада одамларимизнинг ҳалол меҳнатига ҳурмат билан қараш, уларнинг қадр-қимматини муносиб баҳолашни ўзимизнинг бош мақсадимиз, деб биламиз.
Шу ўринда истиқлол йилларида 29 минг 170 юртдошимиз давлат мукофотлари билан тақдирланганини айтиш лозим. Албатта, гап фақат мукофотларнинг сонида эмас. Бу мукофотлар, аввало, Ватанимиз равнақига беқиёс ҳисса қўшиб келаётган минглаб юртдошларимизни муносиб тақдирлашга хизмат қилаётгани билан ғоят аҳамиятлидир.
Шундай муҳтарам инсонлар орасида Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элат вакилларининг борлиги ҳаммамизни қувонтиради, деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Бугунги хурсандчилик кунда омилкор деҳқон ва фермерларимизга, саноат корхоналари ва қурилиш майдонларида тер тўкиб ишлаётган ишчи-муҳандисларимизга, тинчлигимиз посбони бўлган жасур ҳарбийларимизга ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди.
Ватанимизнинг энг олий мукофоти – Ўзбекистон Қаҳрамони унвони билан тақдирланган фидойи муаллима Муҳаббат Шароповани, моҳир темир йўл қурувчиси Эркин Умматовни, уста деҳқон, фермер Шарипбой Ражабовни, машҳур шифокор Равшанбек Қурбоновни барчамиз чин қалбдан муборакбод этамиз.
Миллий Олимпия қўмитаси раиси Мираброр Усмоновни юксак мукофот билан қутлаймиз.
Бутун умрини Алишер Навоий бобомиз ижодини ўрганишга бағишлаб келаётган Самарқанд давлат университети профессори Муслиҳиддин Муҳиддиновга эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.
Шулар қаторида таниқли ижодкорлар Энахон Сиддиқова, Гулистон Аннақличева, театр санъатининг фидойилари Эркин Комилов, Гавҳар Зокирова, Ўзбекистон рус маданий марказининг фаол аъзоси Елена Шавердова, шунингдек, Станислав Югай, Гулбаҳор Аймуратова сингари юртдошларимизнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз.
Мана шу қувончли айёмда Бразилияда бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида Ватанимиз байроғини баланд кўтарган Фазлиддин Ғойибназаров, Руслан Нуриддинов, Шаҳрам Ғиёсов, Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳобиддин Зоиров, Бектемир Мелиқўзиев, Муроджон Аҳмадалиев, Элмурат Тасмурадов каби мард ўғлонларимизга яна бир бор раҳмат айтсак ўринли бўлади, албатта.
Ҳаммамизнинг тилагимиз, истагимиз битта: сизлар мана шундай юксак ғалабаларни қўлга киритишдан ҳеч қачон чарчаманг. Биз сизларга давлатимизнинг мана шундай мукофотларини топширишдан чарчамайлик.
Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев давлат мукофотларини тантанали равишда топширди.
Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шаропова, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Эркин Комилов, Ўзбекистон Республикаси халқ шоири Энахон Сиддиқова, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳибаси Гулистон Аннақличева, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони соҳиби Ҳасанбой Дўсматов, “Дўстлик” ордени соҳибаси Елена Шавердова ва бошқалар давлатимизнинг юксак мукофотлари уларга янада куч-ғайрат бағишлашини, Ватанимиз тараққиёти ва халқ хизмати йўлида фидокорона меҳнат қилишга ундашини таъкидлади, юксак эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиздан миннатдор эканликларини билдирди.
Мавзуга оид
18:14 / 11.12.2024
Конституциявий суд прокурорларнинг иккита ваколатини бекор қилишга чақирди
19:56 / 11.11.2024
Алексей Навалнийнинг беваси Магнитский номидаги мукофот лауреати бўлди
22:16 / 08.11.2024
Шавкат Мирзиёев бир гуруҳ тиббиёт ходимларини мукофотлади
14:09 / 02.11.2024