Жамият | 14:50 / 21.12.2016
4586
2 дақиқада ўқилади

Британиянинг 18 аэропортидаги "Рождество қўзғалони" бекор қилинди

Фото: Google image

Буюк Британияда Рождество таътилида 18 аэропортда  бўлиб ўтиши кутилаётган норозилик намойиши бекор қилинди. Бу ҳақида Unite касаба уюшмаси бош котиби Лен Маккласки хабар берди. 

"Мен Swissport компанияси билан келишувга эришганимиз ва 23-24 декабрга мўлжалланган норозилик акцияси бекор қилингани ҳақида маълум қилишдан хурсандман", - деди у. Томонлар ҳозирча ўзаро келишув шартларини ошкор қилишмади.

Бу янгилик самолётда саёҳатга отланаётган британияликлар ва бу ерга келишни режалаштирган хорижий йўловчиларни хурсанд қилмай қолмади. Манбага кўра, дастлаб норозилик акциясида дунёнинг энг йирик компанияси - Swissport аэропорт хизматлари операторининг 1,5 минг ходими қатнашиши режалаштирилган. Улар иш ҳақини сезиларли даражада кўтаришни талаб қилишаётган эди. Хусусан, рейсларни регистрация қилувчи ходимлар ва юкни қайта ишловчи операторлар ҳамда юк ташувчилар иш ташлаш билан таҳдид қилишган. 

Шундай бўлса-да, Unite аъзоси бўлган British Airways авиакомпанияси борт кузатувчилари норозилик акциясини ўтказиш фикридан қайтишмади. Бунга ҳам худди юқоридаги каби ойлик иш ҳақидан норозилик сабаб бўлган. Акция 24-25 декабрга мўлжалланган. 

 

Мавзуга оид