Спорт | 18:05 / 06.01.2017
6358
3 дақиқада ўқилади

Моуриньо футболдаги инқилобий ўзгаришлар ҳақида фикрларини билдирди

«Манчестер Юнайтед» жамоаси бош мураббийи Жозе Моуриньо ФИФА расмий сайти учун берган интервьюсида футбол қоидалари ҳамда жаҳон чемпионати иштирокчилари сони ўзгариши ҳақида фикрларини билдириб ўтди.

– Ўйлайманки, мураббийлар, футболчилар ва ҳакамлар футболнинг асоси ҳисобланади. Уларнинг даражаси, уларнинг майдонда ўтказилган вақтлар давомида орттирган тажрибаси ва уларнинг фикрлари ҳамда хулосалари – футбол тараққиёти учун муҳимдир. ФИФА президенти Инфантино собиқ футболчилар билан муҳокамалардан кейин шундай ажойиб қарор қабул қилган. 

– Сиз футболга видеотакрорлар жорий этилиши ва ҳакамнинг видеоёрдамчилари қўшилишига қандай қарайсиз?

– Бу барчамиз учун муҳим. Профессионаллар тараққиётдан бош тортса, ғалабаларга эриша олмайди. Ҳомийлар, хўжайинлар ва инвесторлар технологиялар замони келганини чуқур ҳис қилишлари керак. Ҳакамларга страховка керак. Улар шунга муносиб. Технология уларга ёрдам бериши, уларни ҳимоялаши ва уларни қўллаб-қувватлаши керак.

– Жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини ошириш ғояси бўйича позициянгиз қандай?

– Мен бундай қарорни тўла равишда қўллаб-қувватлайман. Клуб мураббийи сифатида мен бунга қарши чиқишим ҳам мумкин эди. Агар жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини ошириш ўйинлар сони ошишига ва футболчиларнинг дам оладиган кунлари камайишига сабаб бўлганида бунга қарши чиққан бўлардим ҳам. Аммо бу қарорни танқид қилувчилар мундиалда иштирокчилар сони ошиши ўйинлар сонини ошириш дегани эмаслигини англаши керак. Футболчиларнинг ҳам, клубларнинг ҳам манфаатлари ҳисобга олинган. 

Мен гуруҳларни 3тадан жамоадан иборат бўлишини тасаввур қиляпман. Иккита ўйиндан кейин ёки плей-оффга чиқасан, ёки уйга қайтасан. Бу ҳолатда терма жамоалар гуруҳ босқичи ўйинларига жиддий ёндашади, икки ўйин ҳам жуда муҳим бўлади, плей-оффнинг қадри янада ортади, бу босқичда фақат кучлилар ўйнайди. Кучсизроқ жамоалар 2 ўйиндан кейин ортга қайтади, аммо улар ўз ўйинларини яхшилашга ҳаракат қилишади ва тажриба тўплашади. 

Иштирокчилар сонини ошириш жаҳон чемпионати янада ижтимоий ҳодисага айланишини таъминлайди. Янада кўпроқ мамлакатларда болалар футболи ва спорт инфратузилмалари ривожланади. Бу қарор янада кўпроқ Осиё, Африка ва Америка жамоаларининг бир жойга жамланишини таъминлайди. Клублар футболи ҳам ривожланишда давом этади. Жаҳон чемпионати аввало ижтимоий ҳодиса ва футболда янги имкониятлардан бош тортиш ҳамда мухлисларнинг истакларига йўқ дейиш тўғри бўлмайди.

Мавзуга оид