Light | 20:54 / 10.01.2017
35372
4 дақиқада ўқилади

Дунёнинг аҳоли энг зич жойлашган ороли — Мгинго

Мгинго ороли Африкадаги Виктория кўлида жойлашган. Унинг майдони - 1,8 минг квадрат метр атрофида бўлиб, у ердаги кулбаларда 131 киши яшайди. Бу кишилар ўзлари учун  "сенат республикаси"ни ташкил қилишган, улар балиқчилик эвазига кун кўришади ва ўз жамиятларига бегоналарни қўйишмайди. Орол Кения ва Уганда ўртасидаги баҳсли ҳудуд ҳисобланади. Мгинго ороли 1991 йилга келибгина ўз аҳолисига эга бўлган. Ўшанда кениялик икки балиқчи Далмас Тембо ва Дорж Кибебе бу ерда қолишга аҳд қилишган. BigPicture нашри шу ҳақида маълумот билан бўлишди.

1. Икки жасур балиқчига Кения, Уганда ва Танзаниядан яна 60 африкалик келиб қўшилган. Мгингога кўчиб ўтишдан мақсад нафақат яхши ов қилиш имконияти, балки тенгсизлик ва жаҳолат бўлмаган шахсий "давлат"ни барпо этиш ҳам бўлган. 2009 йилга бориб, орол аҳолиси 131 кишига етди. Шундан кейин "нуфузли сенаторлар" Тембо ва Кибебе ўз коммуналарига бошқа ҳеч кимни қабул қилмаслик ҳақида қарор қабул қилишган. 

2. Бу ерда асосан Нил олабуғаси овланади. Оила бир ҳафта ичида 200-250 доллар ишлаши мумкин - бу қўшни мамлакатлардаги африкаликларнинг 2-3 ойлик ўртача маоши. 

3. Мгинго "давлат"ининг мустақиллигини сақлаб қолишга оролнинг Кения ва Уганда ўртасидаги баҳсли ҳудуд эканлиги имкон беради - икки мамлакат ҳам уни ўз таркибига қўшиб ололмайди, шу боис улар бу балиқчиларга эътибор беришмайди. 

4. Сўнгги 20 йил давомида икки мамлакат Мгинго туфайли 9 марта қуролли тўқнашувга киришган. Дастлаб Кения ва Уганда қирғоқ муҳофазаси ходимлари балиқчиларнинг қайиқларини синдиришган, уларнинг тўрларини узишган ва ҳатто олти кишини отиб ташлашган. Бироқ кейин икки мамлакат келишувга эришиб, коммуна уларга солиқ тўлайдиган бўлган. 

5. Кения ва Угандага тўланадиган солиқлар балиқчилар даромадининг 25 фоизини ташкил қилади. Яна 10 фоиз даромад аппарат ва коммуна мудофаа кучларига сарфланади, яъни орол аҳолиси ўз озодлиги учун ишлаб топган пулининг 60 фоизини "давлат"га тўлашига тўғри келади. Бироқ ҳатто қолган 40 фоиз даромад ҳам уларга Виктория кўлидаги қўшниларидан анча яхши яшашга имкон беради. 

6. Оролда 5 бар, гўзаллик салони, дорихона, шунингдек, бир неча меҳмонхона ва 4 ишратхона мавжуд. Коммуна қоидаларига кўра, бу ерда бегона одам бир кундан кўп қолиши мумкин эмас. 

7. Коммунани умрбод икки "нуфузли сенатор" Тембо ва Кибебе бошқаради, булардан ташқари, яна 5 нафар сенатор (фақат 30 ёшдан ошган эркаклар) танлаб олинади. Қарор кўпчилик билан қабул қилинади. 

8. Оролдаги энг олий жазо ундан ҳайдалиш ҳисобланади, хашак қамчиларда савалаш эса - оддий жазо. "Давлат" пайдо бўлган вақтдан бошлаб ундан олти киши қувғин қилинган, барчасининг сабаби - ўғирлик. 

9. Мгингодан 200 метр нарида яна бир орол бор - Усинго. У ерда аҳоли йўқ. Коммуна аҳолисининг фикрича, Усингода Тук исмли ёвуз руҳ яшайди. Мгингодан қувилган ёвуз руҳ - Калеле ҳам шу ерда қўним топган, деб ҳисобланади. Усинго ҳам Кения ва Уганда ўртасидаги баҳсли ҳудуд. Усингода бор-йўғи бир неча вақтинчалик кулбалар мавжуд, уларда баъзан Виктория кўли ва унинг атрофидаги аҳолини ўрганувчи Биринчи дунё биологлари қўним топишади.

Мавзуга оид