13 январь, жума - XXI аср “Титаник”ининг фожиасига 5 йил бўлди
5 йил аввал, худди шу йилдагидек – 13-январь, жума куни катта денгиз ҳалокати рўй берди, бу фожиа ОАВда “XXI аср “Титаник”ининг қулаши”, дея таърифланди. 15 палубали Costa Concordia саёҳат лайнери 3216 йўловчиси ва 1013 экипаж аъзоси билан Тоскан архипелагидаги кичик Жильо ороли яқинидаги қояга урилди ва мўъжиза туфайлигина денгиз тубига чўкиб кетмади. Натижада 32 киши ҳалок бўлди, 150 нафардан ортиғи жароҳат олди. ТАСС бугун ушбу воқеани хотирлади.
Маҳаллий вақт билан соат 21:45да сув ости қояси лайнер тубини ёриб ўтиши натижасида 70 метрли дарча ҳосил бўлди.
Фожиавий сана хотирасига 13 декабрь куни Жильода мотам маросимлари бўлиб ўтади. Маълумотларга кўра, оролга Атроф-муҳит, қуруқлик ва денгиз мудофаа вазири Жан Луки Галлеттининг келиши кутилмоқда.
Лайнер тақдири
Италиянинг Fincantieri компанияси томонидан қурилган ва 2006 йилда сувга туширилган донғи кетган лайнердан бугунга келиб деярли ҳеч нарса қолмаган. Кеманинг 80 фоиз материали қайта ишлашга топширилди ва иккиламчи ишлаб чиқаришда қўланди, чунки 500 миллион еврога яқин пул сарфланган лайнернинг ўзини қайта тиклаб бўлмасди.
Утилизацияга қадар кема икки йил давомида Жильо қирғоқларидаги қоялар орасида турди. 2014 йилнинг июлида Американинг Titan salvage ва Италиянинг Micoperi компаниялари ҳамкорлигида ҳамда жанубий африклик мутахассис Ник Слоун ёрдамида амалга оширилган ажойиб муҳандислик амалиёти натижасида Concordia қоялардан чиқариб олинди.
Йўловчиларнинг тақдири
Фожиавий рейснинг барча йўловчиларига пулли компенсациялар тўланди. Кемаларга эгалик қилувчи Costa сrociere компанияси жабрланувчиларнинг ҳар бирига 11 минг евро миқдорида компенсация тўланишини маълум қилган. Ҳалок бўлганларнинг оилаларига тўланган компенсация миқдори эса 1 миллион евродан зиёдни ташкил қилди. Натижада барча тўловларнинг умумий миқдори 84 миллион евро бўлди.
Уч мингдан ортиқ йўловчиларнинг 108 нафари россиялик бўлган, шунингдек экипажнинг 3 нафар аъзоси Россия фуқаролари эди. Уларнинг бирортаси жабрланмаган. Бунда Россия дипломатик ваколатхоналари ходимларининг хизмати ҳам катта бўлди.
Компания ҳақида
Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, кема ҳалокати Costa crociere компаниясига 600 миллион еврога тушган. Бу ҳали лайнерни ҳисобга олмаганда, чунки у суғурталанган бўлган.
Барча нохушликларга қарамай, бир асрлик тарихга эга компания (1850 йилда ташкил этилган) бир кун ҳам ўз фаолиятини тўхтатмаган. Фожиа унинг биржадаги нуфузига қисқа муддатли таъсир ўтказди, холос. Ҳалокатдан кейин, тез орада яна 15 денгиз кемасига эга компания даромад келтира бошлади.
“Денгиз бўриси” капитан Скеттино
Содир бўлган бахтсизлик учун асосий жавобгарлик Costa Сoncordia капитани Франческо Скеттино зиммасига юкланган. Дастлабки суд ҳукмига кўра, унга 16 йиллик қамоқ жазоси белгиланган бўлса-да, у бир кунини ҳам панжара ортида ўтказмаган. Аппеляцион суд ишининг якуний хулосаси апрель ойининг охирида ўқилади.
Айбловчи томон Скеттинони 27 йилга озодликдан маҳрум қилишни талаб қилмоқда, унинг ҳуқуқ ҳимоячилари эса капитанни тўлиқ оқлаш ҳаракатида. Капитан Скеттини беихтиёр одам ўлдириш, кемага ва атроф-муҳитга зарар етказиш, шунингдек йўловчиларнинг эвакуацияси охирига етмасдан лайнерни тарк этганликда айбланмоқда.
Фожиа рўй берган пайтда Скеттино 52 ёшда бўлган ва энг тажрибали профессионал ҳисобланган. Бироқ “денгиз бўриси” Жильо оролига ҳаддан ташқари яқин келиб, таваккал қилган. Тергов натижасига кўра, ҳалокатга капитаннинг лоқайдлиги сабаб бўлган.
Шундай бўлса-да, кема денгиз тубига ғарқ бўлмаслигида айнан капитаннинг хизмати катта – лайнер чўка бошлаганда капитан уни қоя томон йўналтирган ва бунинг натижасида кема сув тубига чўкиб кетмаган ва кўплаб йўловчиларнинг ҳаёти сақланиб қолинган.
Жильо ороли медали
Баъзи йўловчилар соҳилга ўзлари сузиб келишган. Оролда қишки мавсумда бир неча юз кишигина яшайди. Маҳаллий аҳоли жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатган – ўз уйларига қўйиб, меҳмонхоналар, ресторанлар очган, кийим-кечак ва адёллар билан таъминлаган. Ўша тундан бошлаб Жильони дунё таний бошлади.
Ҳозир у ерда ҳаёт ўз изига қайтган. Фожиа ҳақида деярли ҳеч ким эсламайди. Зеро Тоскан архипелагига кирувчи Тиррен денгизи суви ўзининг тозалиги ҳамда ажойиб денгиз флора ва фаунаси билан ажралиб туради.
Жильо мэри Сержо Ортеллининг сўзларига кўра, ҳалокатга қадар мавсум айни авжида бўлган август ойида саёҳатчилар сони 9-10 минг кишига етган. Costa Concordia фоижиасидан кейин эса сайёҳлар сони 15 фоизга камайган.
Шунингдек мэр орол ҳеч қайси Европа фондидан ёрдам олмаганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, эҳтимолий компенсация миқдори ҳам жуда ошириб юборилган. “Ҳозирча биз ҳеч нарса олмадик. Оролга етказилган зарар ОАВда 80-200 миллион еврога тенглаштирилган бўлса-да, уни тахминан 20 миллион еврога баҳолаш мумкин”, - дейди Ортелли. Жильо оролининг аҳолиси фожиада кўрсатган ёрдами учун орол давлат мукофоти – “Фуқаролик хизматлари учун” олтин медали билан тақдирланган.
Мавзуга оид
22:30 / 25.12.2024
Россия юк кемасининг Ўрта Ер денгизидаги ҳалокати. Ҳозиргача нималар маълум?
23:04 / 24.12.2024
Хитой қутб сувларида сузишга қодир дунёдаги энг йирик юк ташувчи кемани синовдан ўтказди
13:51 / 24.12.2024
Италиянинг энг йирик банки РФдан еврода тўловлар қабул қилишни тўхтатади
15:01 / 23.12.2024