Фан-техника | 15:22 / 20.01.2017
7311
3 дақиқада ўқилади

Coursera асосчиси: Сунъий ақл тараққиётини энди тўхтатиб бўлмайди

Google Brain ва Coursera онлайн таълим хизмати асосчиси, Baidu компаниясининг сунъий ақл технологияларини ривожлантириш бўйича жамоасининг раҳбари Эндрю Ин The Ringer нашрига интервью берди. У фойдаланувчилар техник ёрдамчилар билан қай тарзда ҳамкорлик қилиши, ишчиларнинг янги иқтисодиётга мослашиши ҳақида фикр юритди. 

Хусусан, Ин онлайн таълимнинг янги иқтисодиёт турини барпо қилишдаги ўрни ҳақида сўз юритган. Унинг The Ringer муҳарририга айтишича, айрим мутахассислар сунъий ақлни ривожлантиришга қаршилик кўрсатишларига қарамай, бу жараённи энди тўхтатиб бўлмайди. «Биз сиз билан, бу ҳол айримларни қанчалик қўрқитмасин, сунъий ақл ривожланишини ва такомиллашиб боришини тушуниб турибмиз».

Тадбиркорнинг фикрича, узоқ истиқболда технологиялар инсониятни мунтазамликдан озод қилиб, қизиқарли машғулотлар билан банд бўлишларига имкон беради. 

Айтиш мумкинки, сунъий ақл кишини толиқтирувчи ишлар билан шуғулланади. Мисол учун киши ишга бориб-келишда машинани бошқаришни ёқтирмаслиги мумкин. Сунъий ақл айни шу каби вазифаларни уддалайди. 

Иннинг фикрича, инсоният қаршисидаги асосий муаммо, кўплаб иш ўринларини бой беришдан иборат эмас, балки ишсизларнинг етарли малакаси бўлмагани сабаб, янги машғулотни топа олмаслигидадир. Шунга кўра, унинг айтишича, бу масалани ижобий ҳал этишда, гарчи етарли бўлмаса-да, онлайн таълим муҳим ўрин тутади. 

Тадбиркор, шунингдек, аҳоли учун сўзсиз даромад тизимини жорий қилиш ғоясини қўллаб-қувватлаган. «Бироқ ҳукумат ҳеч бир иш қилмаётганлар учун шунчаки пулни совуриши керак эмас. Ҳукумат уларнинг янги ишни ўрганишлари, муносиб иш топиб, солиқ тўлашни бошлаши умидида ёрдам бериши керак».

Google Brain асосчиси сунъий ақлни электрэнергияси билан қиёслаган. «100 йил аввал, электрлаштириш агросоҳа, транспорт, саноатни тубдан ўзгартириб юборган. Ўйлайманки, сунъий ақл билан ҳам шундай бўлади. У саноат ортидан саноатни ўзгартиради. У, ҳозирданоқ, ахборот технологияларини ўзгартирмоқда. Қидирув алгоритмлари, реклама, таржима қилиш технологияси, тасвирларни таниш кабиларга кириб бормоқда».

2017 йил январь ойи бошларида бўлиб ўтган CES технологик кўргазмасида Хитойнинг Baidu компанияси Amazon Echo ва Google Home рақобатчиси—Little Fish хўжалик ёрдамчисини тақдим этди. Little Fish’нинг бошқа турдошларидан фарқи шундаки, Baidu қурилмаси экран билан жиҳозланган. 

Иннинг фикрича, фойдаланувчилар кўрган вақтда ахборотни яхши ўзлаштиради ва танлаш имконияти қулайлашади. 

Бундан ташқари, бу каби ёрдамчилардан уйда фойдаланиш, мобил қурилмаларидаги иловалардан фойдаланишга қараганда оммавийроқ бўлиши аниқ. Чунки, уларни ишга тушириш учуи шунчаки сўзлаш кифоя қилади. 

Мавзуга оид