Петербурглик бутун дунёни пиёда айланиб чиқди
Россиянинг Санкт-Петербургидан бўлган Сергей Лукьянов дунё бўйлаб саёҳатга пиёда чиқди. У саёҳатини амалга ошириш учун миллион рублга яқин маблағ ва икки йил вақт сарфлаган. Бу ҳақда журналистларга саёҳатчининг ўзи маълум қилган.
Аввал спортча юриш билан шуғулланган Лукьянов саёҳати давомида 23 минг километр йўлни 22 ойда босиб ўтди. У ўз саёҳатини 2015 йил 1 апрелда Петербургда бошлаган, 2016 йил 8 августда эса Рио-де-Жанейрода бўлган. Петербурглик ўзининг дунё бўйлаб саёҳатини 2017 йил 4 февраль эрта тонгда Петербургга қайтиб якунлади.
"Мен саёҳат давомида 21 та давлатда бўлдим, қанча пул ишлатганим фақат рафиқамга аён... Тахминан миллион рублга яқин", деб айтган Лукьянов.
Лукьянов саёҳат давомида фақат икки марта самолётдан фойдаланган: биринчи марта у Сингапурдан Чилига, иккинчисида эса Риодан Россияга парвоз қилган. Лукьянов меҳмонхоналарда тунамаган, қаерда дуч келса ўша ерда тунни ўтказган. Ҳаттоки бир марта қор уюмида ухлашига тўғри келган. Саёҳатчи ўзи билан энг зарур нарсалар – сайёҳлик анжомлари, кийим-кечакдан ташқари, смартфон ва дори қутиси олган. Лукьянов асосан қуритилган гўшт ва пишлоқ тановул қилган. Петербурглик йўлда зерикмаслик учун "Ласковый май", Deep Purple ва "Веселые ребята" гуруҳларининг мусиқаларини тинглаб кетган.
"Ҳозир мен инсон чексиз эканини, асосийси ҳеч нарсадан қўрқмаслик кераклигини англадим. Баъзида 16 соатлаб тўхтамасдан юрдим, бундай вақтда 80 км лаб йўл босдим", деб ўз саёҳатини хотираламоқда саёҳатчи.
Унинг айтишича, у йўлида экстремал шароитлар каби қийинчиликлардан ташқари, маҳаллий жиноятчилик унсурлари билан ҳам тўқнашишига тўғри келган.
"Россияда ғараз ниятли одамлар олдига бир шиша ароқ қўйиб, келишиб олса бўлади. Бироқ бошқа давлатларда бу ўтмайди. Мисол учун, Жанубий Америкада мени бир неча бор тунамоқчи бўлишди. Энди у ерга оёқ босмайман, у ерда кундузи сен билан сут ичиб, кечаси келиб тунаб кетишлари мумкин. Тажрибам ошиб, кейинчалик рюкзагимни ухлаш вақтида ўзимга боғлаб қўйишни, пул ва ҳужжатларимни яшира бошлашни одат қилдим", деб эсламоқда саёҳатчи.
Унинг айтишича, унга Малайзия ва Таиланд энг кўп ёққан, уни бу давлатларда маҳаллий аҳолининг меҳмондўстлиги жуда ҳайратлантирган. Россияликни Хитойдаги ижтимоий турмуш, Жанубий Америка ва Африка табиати ром этган. "Қайда юрмай, барибир Петербургга қайтишни истардим", деб айтмоқда Лукьянов.
Мавзуга оид
07:50
Ўзбекистон президентининг Россияга амалий ташрифи якунланди
23:04 / 25.12.2024
Россияда 20 йил олдин бедарак йўқолган журналистнинг қолдиқлари топилди. Уни милиция полковниги ўлдиргани маълум бўлди
00:30 / 25.12.2024
Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербургга борди
16:22 / 06.12.2024