Жамият | 18:09 / 09.02.2017
37507
2 дақиқада ўқилади

Миссисипилик бемордан 58 килограммлик ўсимта олиб ташланди

Фото: AP

Калифорниялик шифокор бемордан 130 фунт (58 килограмм) келадиган ўсимтани олишга муваффақ бўлди. Ҳолбуки бошқа шифокорлар бунинг шунчаки ёғ эканини таъкидлашганди. 

31 январь куни Бейкерсфилддаги шифохонада 57 ёшли Рожер Логандан жарроҳлик йўли билан ноонкологик ўсимта олиб ташланган. У яна бирор ҳафта шифокорлар назорати остида бўлади, сўнг Миссисипидаги Галфпортга қайтади. 

Манбага кўра, ўсимта 10 йил илгари қориннинг пастки қисмида пайдо бўлган.

Шифокорлар унга "Сен семиз бўлсанг, бу шунчаки ёғ" дейишган.

Ўсимта шу қадар катталашиб кетганки, Рожер ўтирган ҳолатида у ерга тегиб турган.

Логан уни уч қоп цементга қиёслаган: "Тасаввур қилинг, куни бўйи уч қоп цементни ўзингиз билан олиб юрсангиз".

У деярли ҳаракатсиз ҳолга келиб, аксарият вақтини ўз уйининг бир хонасида креслода ўтказарди. 

Бу вақтга келиб, ўсимта 130-140 фунт (58-63 кг)га етди. Шифокорлар операция қилиш хавфли эканини айтишган ва унинг омон қолишига фақат 50 фоиз кафолат беришган.

Бироқ унинг турмуш ўртоғи мамлакатдаги барча мутахассисларни суришитириб, охир-оқибат шу турдаги операцияларни бажарувчи шифокор Девни топишга муваффақ бўлди.

Ниҳоят, у Марказий Калифорнияга 3,218 километрлик йўлни 40 соатда босиб ўтди. 

Ҳозир Рожер қайта тикланиш муолажаларини олмоқда, ўтган пайшанба куни у кўп йиллардан бери биринчи марта мустақил ҳаракатланишга муваффақ бўлди. 

У уйга қайтиб, қайтадан (креслодан ташқарида) ҳаёт бошлашни сабрсизлик билан кутмоқда.

Мавзуга оид