Light | 16:26 / 24.02.2017
98216
5 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг бежирим ва ноодатий тўй либослари

Замонавий ёш келин-куёвлар ўз тўйида анъаналардан четлашган ҳолда, ғарб услубига хос кийимлар кийишни афзал билади. Бироқ дунёнинг айрим ҳудудларида тўй тантаналарига ва азалий қадриятларга катта эътибор бериб келадиган инсонлар ҳам кўп учрайди. 

Айрим халқларнинг никоҳ либослари ноодатий, ғайритабиий ва бежирим кўринишга эга бўлиб, улар учун ушбу либослар "бахт, оила, севгининг абадийлиги"ни англатади. 

Марҳамат, дунёнинг энг антиқа ва шу билан бирга чиройли тўй либослари билан танишинг.

Туркия

Ўз отаси уйини тарк этишдан аввал турк қизи тўй либосининг энг муҳим безаги – бокиралик белбоғини қабул қилади. Уни белига боғлаб қўйишади. Одатда, у қизил рангда бўлади ва омад, жозиба бахт маъносини англатади.

Болгария

Бу мамлакатда келин юзи анъанага кўра, оқ ранг билан бўялади ва зарлар сепилади. Бу эса қизнинг шу ондан эътиборан барча нарсага ҳуқуқи бор аёлга айланганини билдиради.

Македония

Македонияда келинлар либоси катта аҳамиятга эга бўлиб, у оппоқ бўлиши керак. Либос софлик, тозалик тимсолидир. Келин дугоналари эса тўйга деярли бир хил либосда келишади. Келиндан ажралиб туриш учун эса қизил соч попуги тақиб олишади. 

Хакасия

Россиянинг Хакасия шаҳрида қадимий тўй анъаналарини муқаддас деб ҳисоблашади. Бу ерда келинга мўйнали ёпинчиқ ва шапка кийдиришади. Бу эса об-ҳаво таъсири натижасидир – мазкур ҳудуд етарлича совуқ.

Исроил

Ортодоксал яҳудийлар орасида улар нафақат келин либоси, балки куёв кийими билан ҳам ажралиб туришади. Куёвнинг ҳайбатли бош кийими албатта, рақс жараёнида жуда халақит беради. 

Тожикистон

Тожикистонда келинчакни меҳмонларга ҳам, куёвга ҳам кўрсатишни исташмайди. Шу сабабли, никоҳ либоси унинг юзини ҳам беркитиши керак. Шунга қарамай, келинга тўй давомида бир неча кийимлар алмаштиришига рухсат беришади. 

Индонезия

Бу ҳудудда кўплаб тўй анъаналари мавжуд, демак, никоҳ кўйлаклари ҳам турлича. Бироқ қимматбаҳо каштачилик билан тикилган оғир либосларни деярли барчасида учратиш мумкин.

Покистон

Покистонда келинлар бинафшаранг, қизил ёки пуштирангли либослар кийишади. Кейинроқ, бўлажак эр ва хотин қасам ичадиган вақтда бир-бирига "севги" тимсоли бўлган турли гулчамбарлар тақишади.

Эритрея

Қизил денгиз қирғоғидаги бу мамлакат тўй анъаналарига катта эътибор қаратади. Бу ерда келин ва куёв духобадан тож тақади. Либос эса тилла ва сафсар рангларда бўлади.

Фаластин

Фаластинлик келинга тўй либоси унинг онаси томонидан узоқ йиллар давомида тикилиши керак. Либоснинг асосий қисми – келинни атрофдаги кўзлардан ҳимоялаб турувчи ёпинчиқдир. 

Перу

Перулик келинни катта оломон олдида бемалол топиб олиш мумкин. Чунки бу юртда ҳеч қандай оқ либос кийилмайди. Уларнинг асосий ранги – қизил ва қора.

Корея

Минг йиллик тарих давомида Корея халқи никоҳ кўйлаги анъанасини ўзгартирмаган. Либос кенг ва узун енгли камзул ва ипак матоли гуллар билан безалган юбкани ўз ичига олади. 

Нигерия

Нигерияда тўй либоси энг қиммат матодан тикилади ва кўплаб тўрлар билан безалади. Кўйлак тўйгача Ҳиндистонда буюртма орқали келтирилади. Либоснинг ноодатий аксессуари – маржон доналари ва бетакрор Нигерия бош кийими. 

Ироқ

Ироқлик келин тўй пайти энг кўп кийим алмаштиради. У камалакнинг ҳар бир рангига монанд тўй либоси кияди. Энг биринчиси қизил рангда бўлиб, севги тимсолини англатади.

Марокаш

Кийимнинг қатлами қанча кўп бўлса, бу марокашликларнинг анъанасини англатади. Келин ўз либосини ўзгартириши мумкин. Бироқ кийим у туғилган ҳудуд маданиятини акс эттириши лозим.

Ўзбекистон

Ўзбекистонда айни дамда келинлар европача урфда бўлган оппоқ либосларни кийишига қарамай, азалий анъаналаримиздан бўлган миллий либослар ҳеч қачон ўз қадрини йўқотмаган. Либослар барча вилоятларда турлича кўринишга эга. Бироқ миллий адрас-у атласлар, бежирим кашта туширилган либослар, гўзал тиллақош ва дўппиларни барча ҳудудларда учратиш мумкин. Шунингдек, келин устидан туширилган фата ҳам унинг чиройини ўзгаларга кўз-кўз қилишдан асрайди. 

Мавзуга оид