Ўзбекистон | 19:53 / 27.02.2017
61177
2 дақиқада ўқилади

Олой бозори яқинидаги ёнғин бўйича расмий маълумот берилди

Бугун, 27 февраль куни Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Амир Темур кўчаси 25-уйда жойлашган бизнес марказ биносининг 8-қаватида ёнғин содир бўлди.

«Кун.uz» нашрига Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармасидан маълум қилишларича, ёнғин чиққани ҳақидаги хабар соат 17:30да келиб тушган. Ҳудудга 4та асосий ёнғин ўчириш бўлинмалари йўлланган ва соат 17:54да олов бутунлай ўчирилган.

Ёнғин оқибатида бинонинг 8-қаватида жойлашган "Монтаж қурилиш хизмат" МЧЖга қарашли, Silver Water Gold Fish МЧЖ томонидан ижарага олинган офис хонаси, ичидаги жиҳозлари 20 кв.м майдонда ҳамда бинонинг 9-қаватида Navei МЧЖ томонидан ижарага олинган хона деразаси роми зарарланган.

Ёнғинни ўчириш вақтида бинодаги 18 нафар ишчи-хизматчилар хавфсиз жойга олиб чиқилиб, уларнинг тан жароҳати олишига йўл қўйилмаган.

Айни вақтда ёнғин сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Тошкент шаҳридаги бизнес марказида яна ёнғин рўй берди

Маълумот учун, бу бинода 2015 йилда ҳам йирик ёнғин кузатилган эди.

Мавзуга оид