Ёлғон нағмаларнинг вақти ўтди
– Тавба, бу хабарнинг турган-битгани бўҳтон-ку! – куйиниб гап бошлади Муқимий маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳодир ака Бердиев. – Гўёки, Муқимий мавзесида одамларнинг уйлари, боғлари ёппасига бузилаётганмиш. Ёлғон ҳам эви билан-да. Нима, айрим чет эл ОАВлари кўрмасдан, билмасдан, тўғри ёки нотўғрилигини текширмасдан дуч келган гапни ёзаверадими? Нега фақат тирноқ остидан кир қидиришади? Туҳмат қилишу ёлғон тўқишдан нарига ўтишмайди?
Баҳодир аканинг кетма-кет берилган саволларидан ўйланиб қолдим. Аслида айрим чет эл нашрларининг бундай нохолис “хабар”ларини кўп эшитганман, ўқиганман. Лекин бу галгиси ҳаммасидан ошиб тушди ва кўпчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлди. Биз ҳам Қўқонда бўлганимизда ўша нашрлар томонидан сўнгги кунларда қайта-қайта айлантирилган бу “хабар”нинг фақат ёлғондан иборат эканига тўлиқ ишонч ҳосил қилдик.
– “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси Сариқўрғон қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Қўқонбой, Тожик, Қўрбозор қишлоқларининг бўш турган тошлоқ ерларида ташкил этиляпти, – дейди Учкўприк тумани Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Акмалжон Турдиқулов. – Аҳоли яшайдиган масканлар, намунали уй-жойлар алоҳида муҳофаза ҳудуди билан ажратиб олинган. Фақат ҳеч қандай ҳужжатсиз, ўзбошимчалик билан қуриб олинган айрим ноқонуний биноларгина бузилди. Қуриган дарахтлар, тарқоқ боғлар белгиланган тартибда кесилиб, ҳудуд тартибга келтирилди, холос.
– 12 йилдан буён маҳаллага раислик қиламан, – суҳбатимизга қўшилди Муқимий шаҳарчасидаги “Шикорбеги” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ғанижон ака Ахунов. – Ҳудудимиздаги ҳар бир хонадонни яхши биламан, каттаю кичик – барчани шахсан танийман. Лекин бу мавзеда боғ яратиб, иморат солган Бахтиёр ака исмли тадбиркорни кўрмаганман, эшитмаганман. Ишонмасангиз, мана, хонадонларнинг ҳужжатларини кўринг. Ҳайронман, ўша нашрдагилар бу “одам”ни қаердан топишди, у билан қандай “суҳбатлашишди”.
– Уйлари бузилишига қарши чиқаётганларга ҳуқуқ-тартибот идоралари ва прокуратура томонидан босим ўтказиляпти, деб ёзишибди...
– Бўлмаган гап, – сўзимни бўлди Ғанижон ака. – Истаган хонадонингизга кириб, сўраб кўринг. Одамларнинг ўзларидан жавоб оласиз бу саволингизга.
Биргаликда бир неча юртдошларимиз билан айни мавзу хусусида мулоқотда бўлдик.
– “Олтин ниҳол” боғдорчилик уюшмаси ҳудудида 6 сотих боғимиз бор, – дейди Қўқон шаҳар, “Сарбоз” кўчасидаги 45-уйнинг 8-хонадонида яшовчи Зиёджон Турсунов. – Кўриб турибсиз, боғимиздаги бирорта ҳам дарахт кесилмаган, биноларимиз бузилгани йўқ. Аксинча, Голландия тажрибаси асосида экспортбоп гул кўчатлари етиштиришимиз учун 2,5 гектар ер ажратиляпти.
– Ҳудудимизда эркин иқтисодий зона очилаётгани, аввало, тадбиркорларга берилаётган катта имконият-ку. Қолаверса, қанча одам ишли, даромадли бўлади. Халқимизни ўйлаб қилинаётган иш бу, – дейди “Қўқон спорт лидер” шўъба корхонаси раҳбари Маъсуджон Назиров. – Бу ерда 2 гектар майдонда 5,5 миллиард сўмлик янги корхона қуриб, енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқармоқчимиз. Киритадиган маблағимизга қараб 3 йилдан 10 йилгача солиқ ва божхона тўловларида имтиёзлар бериляпти. Бундай имкониятдан фойдаланмай бўладими?
Айни кунгача 383 гектар майдонни эгаллаган “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида Маъсуджон каби тадбиркорларнинг 200 га яқин лойиҳаси шакллантирилган. Мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, чарм-пойабзал, экологик жиҳатдан хавфсиз кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, электротехника саноати, қурилиш материаллари ва бошқа йўналишлардаги бу замонавий ишлаб чиқариш қувватларига 840 миллиард сўмдан ортиқ инвестиция киритилади. 9 мингга яқин одам доимий иш билан таъминланади. Юзлаб оилаларнинг даромади ортади, минглаб одамларнинг ҳаёти яхшиланади.
Бугун Қўқонда асл вазият шундай. Биз эркин иқтисодий зонада ҳам, Муқимий шаҳарчасида ҳам, шаҳар ҳокимиятида ҳам уйи ёки боғи бузилиб, норизо бўлиб юрган юртдошимизни учратмадик. Аксинча, қўқонликлар бу хайрли ишлар халқнинг фойдасига хизмат қилишига ва қурилаётган юзлаб янги корхоналар, завод-фабрикалар шу ҳудудга катта наф келтиришига ишонишади.
Савол туғилиши табиий. Нима, ўша айрим чет эл нашрларидагилар Ўзбекистондаги бу ютуқлардан, одамларнинг оғирини енгиллатиш, даромадини кўпайтириш, турмуш шароитини яхшилаш учун қилинаётган ишлардан бехабарми? Йўқ, асло. Улар буни жуда яхши билишади. Нега унда ўзларини ҳақиқатпарвар, деб ҳисоблайдиган ўша нашрлар мухбирлари бу ҳақда холис, самимий фикр билдиришмайди? Сабаби оддий – улар ҳомийларига бундай холис фикрлар ёқмаслигидан, ўзларининг эса тирикчилик тегирмони айланмай қолишидан қўрқишади.
Муҳими, шахсан Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган бу хайрли ишлар замирида қанчадан қанча инсонлар манфаати, қанча меҳнат ва маблағ ётганини сизу биз яхши биламиз. Фақат буни Ватанда бир чўп суқиб, дарахт кўкартирмаган, бир ғишт қўйиб, иморат кўтармаган, ёлғон тегирмонига сув қуйиб, тирикчилик ўтказаётган ўша нашрлардаги айрим қалби сўқир кимсаларгина кўра олмайди, ҳис қилмайди.
Тилга олаётганимиз ўша айрим чет эл нашрдаридаги холисликдан мутлақо йироқ бўлган мухбирларга айтадиган хулосамиз шу – келинг, очиғини тан олинг, энди бундай ёлғон нағмаларнинг вақти ўтди. Бугун Ўзбекистонда ҳеч ким сизнинг ноғорангизга ўйнамайди!
Муҳаммаджон Обидов
Азизжон Эрматов
Қўқондан махсус
Мавзуга оид
15:18 / 26.11.2024
Қўқонлик табиб яна трендда – унинг фаолияти ҳақида нималар маълум?
10:23 / 07.11.2024
ДХХ: Қўқонда халқаро террористик ташкилот тарафдорлари озодликдан маҳрум этилди
23:02 / 13.09.2024
Қўқонда газ тўлдириш шохобчасида турган автобусда ёнғин содир бўлди
18:00 / 12.09.2024