Жаҳон | 15:05 / 01.03.2017
125981
2 дақиқада ўқилади

ИШИДнинг куни битди: Ташкилот раҳбари мағлубиятни тан олди

© AP Photo

ИШИД террорчилик ташкилоти раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий ўз тарафдорларига хайрлашув нутқи йўллади. У охирги ойлардаги жанговар ҳаракатлар оқибатида ташкилот енгилганини тан олиб, жангариларни тоғли ҳудудларга кетиб яширинишга чақирган. Бу ҳақда Найнава вилоятидаги манбага асосланган ҳолда Alsumaria телеканали хабар тарқатди.

"Ал-Бағдодий ўз видолашув нутқида ташкилотнинг ҳозирги ҳолати ҳақида гапирган. У жангарилар Найнавада ва Ироқнинг бошқа ҳудудларида мағлуб бўлишгани ҳақида гапирган", деган манба.

Бундан олдинги хабарларда Ал-Бағдодий Мўсулнинг ғарбий қисмидан чиқиб кетгани маълум қилинганди.

Бироз олдинроқ, Ироқ қўшинлари Мўсулни ташқи дунё билан боғлаб турган охирги йўлни эгаллашгани маълум бўлди ва шаҳар ичкарисида қолган жангарилар ҳамда ҳарбий техникаларнинг шаҳардан олиб чиқилишига имкон қолмади.

Мўсул ИШИДнинг Ироқдаги норасмий пойтахти ҳисобланар, шунингдек, жангариларнинг Ироқ ҳудудидаги охирги таянч шаҳри бўлиб қолаётганди. Бу шаҳарни озод этиш учун қуруқликдаги ҳарбий юриш ўтган йилнинг 17 октябридан буён олиб борилмоқда. Ироқ армияси, шиа бўлинмалари, курд лашкарларидан ташқари, АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция самолётлари ҳам бу юришда иштирок этмоқда.

Ироқ қўшинлари Мўсулнинг шарқий қисмини 17 январь куни озод этишганди. 24 февраль куни Ироқ ҳукумати шаҳарнинг ғарбий қисмини эгаллаш учун юриш бошлаганди.

Мавзуга оид