Жамият | 19:03 / 02.03.2017
37274
2 дақиқада ўқилади

Рамзон Қодировнинг қизи Firdaws брендини тақдим этди

Чечен Республикаси раҳбарининг қизи Айшат Грознийда ўзининг модалар уйи либослар коллекциясини тақдим этди. Тақдимотга Россия шоу-бизнес вакиллари -  Яна Рудковская, Евгения Феофелактова, Светлана Бондарчук, Татьяна Навка, Ксения Соловьева, Тимати, Нюша, Анна Хилькевич, Ольга Бузова ва бошқалар махсус меҳмон сифатида таклиф қилинди. Бундан ташқари, тадбирда мода саноати етакчиси Стеффано Риччи иштирок этди. AsiaPlus шу ҳақида маълумот билан бўлишди. 

"Айшат томошабинлар ҳукмига 30 либосни ҳавола қилди, уларнинг ҳар бирини санъат асари дейиш мумкин. Уларда миллий анъаналар, чечен қизи либосининг ўзига хослиги ва замонамизнинг сўнгги тенденциялари муваффақиятли уйғунлашган. Айшат Қодированинг либослари чечен, рус, француз, итальян, турк ва умуман барча миллатдаги қизларга ёқади. Бугунга қадар Европа, Осиёнинг кўплаб мамлакатлари, Америка ва ҳатто Австралиядан ҳам буюртмалар келиб тушмоқда. Шунингдек Айшат Firdaws брендининг атирини ҳам тақдим этди", - деб ёзади ўзининг Instagram'ида Рамзон Қодиров. 

Рамзон Қодиров тадбир баҳона продюсер Яна Рудковская ва реп йўналишида ижод қилувчи Тиматини ҳам яраштиришга муваффақ бўлган. Бу ярашув нафақат умумий сурат, балки лезгинка рақси билан якунланган. 

Қодировнинг ўзи Россия президенти бош котиби Дмитрий Песковнинг турмуш ўртоғи Татьяна Навка билан рақсга тушган. 

Айшатнинг сўзларига кўра, унинг ҳар бир либосида миллийлик ўз аксини топган. "Бу образларни яратишимда менга онам маслаҳатчи бўлди", - дейди дизайнер. 

У Firdaws бренди либослари замонавий мусулмон қиз-аёллар образини яратиши ҳамда уларнинг умумжаҳон мода тенденцияларига жавоб беришини қўшимча қилди. 

Айшат Қодирова 2016 йилда Firdaws модалар уйини расман бошқара бошлади. Ёш раҳбар миллий элементлар билан уйғунлашган ёшлар модасига алоҳида эътибор қаратади. 

Мавзуга оид