Жаҳон | 11:33 / 06.03.2017
6095
2 дақиқада ўқилади

NYT: Ироқ Трампнинг янги иммиграция фармони рўйхатида бўлмайди

Фото: Reuters

Ироқ АҚШ президенти Дональд Трампнинг янги иммиграция фармони бўйича тақиқланган мамлакатлар рўйхатида бўлмайди. Трамп янги фармонни 6 март куни имзолаши кутилмоқда. Мазкур рўйхатга киритилган мамлакатлар фуқароларига АҚШга киришлари мумкин бўлмайди. Бу хабарни The New York Times газетасининг Оқ уй маъмуриятидаги манбаси тасдиқлаган

Манбанинг маълумотларига кўра, янги фармон, шунингдек, барча мамлакатлардан келган қочқинларни АҚШда жойлаштиришга вақтинча тақиқ жорий қилади. Шу билан бирга бу тақиқ қанча муддат давом этишига ойдинлик киритилмаган. Трампнинг суд томонидан ижроси тўхтатилган аввалги фармонида қочқинларни жойлаштиришга ўрнатилган тақиқ 120 кун этиб белгиланган эди. Унда суриялик қочқинларга нисбатан муддатсиз тақиқ жорий қилинган эди. Янгисида Сурия алоҳида уқдирилмаслиги айтилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп вазифасига киришганидан сўнг, январь ойи охирларида мамлакат иммиграция сиёсатига қатъий тус берувчи фармонни имзолаган эди. бунинг оқибатида мамлакатда кескин тортишувлар ва суд эшитувлари ташкил этилди. Фармонга мувофиқ, Эрон, Ироқ, Сурия, Яман, Сомали, Судан ва Ливия фуқароларига Қўшма Штатлара кириш 90 кунга тақиқланган эди. 

Сиэтл шаҳри федерал суди фармон ижросига тақиқ қўйган, Америка адлия вазирлигининг апелляцияси рад этилган эди. Шундан сўнг, Трамп янги иммиграция фармонини ишлаб чиқишини билдирганди. 

Мавзуга оид