Спорт | 16:45 / 06.03.2017
5601
2 дақиқада ўқилади

Санчес «Арсенал» билан хайрлашмоқчи эканини маълум қилди

«Арсенал» жамоаси ярим ҳимоячиси Алексис Санчес ёзги трансферлар вақтида клубни тарк этади.

The Times нашри маълумотига кўра, чилилик 28 ёшли футболчи лондонликлар клуби раҳбариятига кетиш истаги ҳақида билдирган.

Хабар қилинишича, Санчес Чемпионлар лигасининг нимчорак финалида «Бавария»га қарши кечган ва 1:5 ҳисобидаги мағлубият билан якунланган ўйиндан кейин жамоадошларидан норози бўлган, у ва Алекс Окслейд-Чемберлен ўртасида низо юзага келган.

Жамоа бош мураббийи Арсен Венгер ҳам Санчеснинг худбинона ҳаракатларидан норозилик билдирган ва у билан тарбиявий суҳбат ўтказган. У ўтган ҳафтада футболчини «Ливерпуль»га қарши ўйиннинг бошланғич таркибига киритмади. Бунга у ўйиндан олдинги машғулотлар вақтида жамоадошлари билан жанжаллашгани ва жамоа базасидан кетиб қолгани сабаб бўлган.

Санчес учун асосий даъвогар «ПСЖ» клуби саналмоқда. Лондонликлар жамоаси билан шартномаси 2018 йил ёзига қадар тузилган футболчини «Ювентус» ҳам қўлга киритишни истамоқда.

Мавзуга оид