Жаҳон | 23:47 / 07.03.2017
73867
3 дақиқада ўқилади

Эҳтиёт бўлинг! АҚШ марказий разведкаси сизни эшитмоқда ва кузатмоқда

АҚШ Марказий разведка бошқармаси ва Британиянинг МИ-5 контрразведкаси кўп мақсадли Samsung Smart TV телевизорларини айғоқчилик қилиш қурилмаси сифатида қўллашга имкон берувчи усулни топган. Бу ҳақда WikiLeaks твиттерда маълум қилди. 

WikiLeaks унинг айтишича, МРБга тегишли катта ҳажмдаги ҳужжатларни очиқ фойдаланишга қўйиб юборган.

Ҳужжатларга кўра, махсус хизматлар "Йиғлаётган фаришта" (Weeping Angel) деб номланган дастур ишлаб чиқишган. Бу дастур телевизорга ўрнатилгач, у зарарланган қурилмани "ёлғон ўчиш" режимига ўтказади ва унинг эгаси телевизор ўчган деб ҳисоблайди, ваҳоланки ундай бўлмайди. Бу режимда телевизор хонадаги барча суҳбатларни ёзиб олувчи қурилмага айланади ва ёзиб олинган маълумотларни интернет орқали МРБнинг махфий серверига жўнатади.

WikiLeaks маълумотларига кўра, 2014 йил октябрда МРБда замонавий автомобиллар ва юк машиналарининг компьютер тизимларини бузиб кириш имконияти ўрганилган. Бу МРБга нима учун керак бўлгани аён эмас. Бироқ WikiLeaks’нинг таъкидлашича, бу ҳеч қандай излар қолдирмасдан, йўл-транспорт ҳодисалари уюштиришга имкон беради.

Шунингдек, МРБ мобил телефонлар, жумладан iPhone орқали одамлар ортидан айғоқчилик қилувчи дастурларни яратган. 

МРБнинг мобил телефонлар учун жавоб берувчи бўлими "оммабоп телефонларни масофадан туриб бузиб кириш ва бошқариш учун" турли усулларни ишлаб чиққан. Зарарланган телефонларга МРБга фойдаланувчининг жойлашган ўрни ҳақида маълумот юбориш ҳақида буйруқ берилиши мумкин. Шунингдек, суҳбатлар, ёзишмаларга ҳам рухсат очилган. Бундан ташқари, масофадан туриб смартфондаги микрофон ва камера ишга туширилиши мумкин бўлган. 

Зарарли дастурлар нафақат iPhone, балки iPad планшетлари учун ҳам мўлжалланган бўлган. WikiLeaks’да таъкидланишича, Apple қурилмалари дунёда энг кўп тарқалган ҳисобланмаса-да, "жамоат арбоблари, сиёсатчилар, дипломатлар ва тадбиркорлар" орасида кенг тарқалган. 

Бундан ташқари, МРБда Samsung, HTC, Sony компаниялари ишлаб чиқарадиган, Android операцион тизимидаги смартфонларни бузиб кириш усули топилган.  

 

Мавзуга оид