Жамият | 20:08 / 11.03.2017
21553
2 дақиқада ўқилади

4 ёшли қизча бувисига ёрдам чақиртириш учун олис йўл босиб ўтди

Фото:The Siberian Times

Россиянинг Тува республикасида яшовчи 4 ёшли қизча бувисига ёрдам чақиртириш учун ўзининг ҳаётини хавфга қўйиб, тайга бўйлаб 4 соат ичида 8 километр йўл босиб ўтди. Бу ҳақда 11 март куни Россия фавқулодда вазиятлар вазирлигининг республика бўйича бошқармаси ходимига иқтибос келтирган ҳолда FlashSiberia нашри хабар берди.   

Маълумотларга кўра, февраль ойи охирида бувиси ва кўзи ожиз буваси билан яшаган Салгана Салчак бувиси қимирламаётганини пайқаб қолган. У бу ҳақда бувасига айтган, бироқ кекса буваси рафиқасига ёрдам бера олмаган ва набирасини қўшниларга ёрдам чақиртириш учун юборган.  

Салгана қаттиқ совуққа қарамай, чўпонлар тўхтаган жойга етиб бориб, бувисига ёрдам чақиртира олган. Бироқ шифокорлар ва қўшнилар етиб келгунча қизчанинг бувиси вафот этиб бўлган. 

ФВВ вакилининг айтишича, қизчани мукофотга тақдим қилишмоқчи. Айни вақтда у шифохонада даволанмоқда.

Февралда Воронеж вилоятида 5 ёшли қизча укаси ва синглисини ёнғин вақтида қутқариб қолган. 19 февраль кундузи юз берган ёнғин вақтида қизчанинг отаси ишда, онаси эса ҳовлида молларга овқат бераётган бўлган. Қизча ёнаётган уй ичидан уч ёшли укасини ва бир ёшли синглисини қўлда ушлаганча олиб чиққан.

Мавзуга оид