Иқтисодиёт | 08:09 / 20.03.2017
5138
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Африка давлатларига 57 млрд доллар ажратишини маълум қилди

Жаҳон банки ташкилотлари гуруҳи Африканинг Саҳрои Кабирдан жанубда жойлашган давлатларига кейинги 3 йил ичида 57 млрд доллар ажратади. Бу ҳақда Жаҳон банки матбуот хизмати маълум қилди.   

Маълумотларга кўра, гап Африканинг Саҳрои Кабирдан жанубда жойлашган давлатларининг рекорд даражада молиялаштирилиши ҳақида кетмоқда. Бу ҳақдаги қарор Германиянинг Баден- Баден шаҳрида қабул қилинган. Бу ерда Жаҳон банки президенти  Жим Ен Ким катта йигирматаликнинг молия вазирлари ва марказий банклари раҳбарлари йиғилишида иштирок этган.

Маълум қилинишича, 57 млрд доллардан 45 млрдини Халқаро ривожланиш уюшмаси тақдим қилади. Қолган 8 млрд долларни Халқаро молия корпорацияси, 4 млрд долларни Халқаро реконструкция ва тараққиёт банки ажратади. Бу маблағлар айнан қайси давлатларга, қандай лойиҳаларга ва қандай миқдорда берилишига аниқлик киритилмаган. Шуниси маълумки, Халқаро ривожланиш уюшмаси маблағлари жорий йил июлидан 2020 йил июнигача тақдим қилинади.

Жаҳон банки президенти ушбу лойиҳа "ушбу минтақадаги давлатлар ривожланиши йўналишини ўзгартиришга мисли кўрилмаган имконият" ҳисобланишини айтди.

Мавзуга оид