Brexit тайёр, сэр: Энди ЕИ ва Лондон 60 миллиард борасида баҳсни бошлайди
Буюк Британия Европа иттиоқфидан чиқиш жараёнини бошлади: Қироллик бош вазири Тереза Мэй парламентда депутатлар олдида чиқиш қилди, Брюсселдаги элчи Тим Бэрроу эса сиёсатчининг мактубини Еврокенгаш раиси Доналд Тускка топширди.
Тўққиз ойлик кутишлардан сўнг (Brexit борасидаги референдум 2016 йилнинг июнида ўтказилган эди) Лондон расмий равишда ЕИ олдидаги мажбуриятларини зиммасидан соқит қилмоқда. Британияликларни энди юзлаб миллиард доллар қийматида баҳоланаётган "чиқиш ҳақида шартлашув" борасида мураккаб музокалар кутмоқда. Биргина "товон" пуллари (Лондон илгари тўлашни ўз гарданига олган, бироқ ҳалигача молиялаштирмаган лойиҳалар учун маблағ) 60 миллиард евро миқдорида баҳоланмоқда.
2016 йилда икки муқобил вариант кўриб чиқилаётганди — "юмшоқ" ва "кескин" тарк этиш, лекин бу йилга келиб ойдинлашдики "юмшоқ" Brexit’га ишонадиганлар кам. Тереза Мэй 17 январь куни "аниқ ва қатъий" тарк этиш ҳақида сўз очди, бош вазирнинг сўзларидан кескинлик аломатларини сезиш қийин эмасди. Лондан ишчи кучининг эркин ҳаракатланишига қарши, ЕИга ҳеч қандай тўлов қилмоқчи эмас ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди юрисдикциясидан ҳам чиқмоқчи. Бунинг оқибатида Британия 500 миллион истеъмолчини бирлаштирган ягона Европа бозоридан ҳайдалиши ҳам мумкин.
Бу савдо-сотиқ маконида иштирок этиш масаласи — Brexit атрофидаги бош интригалардан бири. ЕИга аъзо бўлмаган давлатлардан баъзилари, масалан, Норвегиянинг ягона бозорга киришга рухсати бор. Лекин бу ҳуқуқ учун ЕИдан ўз иқтисодиётига ишчи кучи киритишга мажбур — сиздан угина, биздан бугина, деганларидек. Ахир Brexit хорижий миграцияни, жумладан, Европа иттифоқидан келадиган ишчи кучларини чеклаш банди борлиги сабабли сайловчиларга манзур тушган.
Ривожланишнинг энг ёмон вариантида Буюк Британия ҳеч қачон евроинтеграцияга интилмаган Швейцариядан ҳам камроқ алоқаларни сақлаб қолиши мумкин. Алармистлар (келажакда ҳаммаси янада бадтарроқ бўлишига ишонувчи айюҳанносчилар) 2019 йилдан бошлаб рецессия юз беришидан огоҳлантиришмоқда, гарчи ҳозирги ҳолада Бирлашган Қироллик иқтисодий кўрсаткичлари меъёрида бўлса ҳам.
Инглизча тарк этиш — шартномаларсиз
Буюк Британия ташқи ишлар вазири Борис Жонсон энг радикал муқобил — ЕИни ҳеч қандай битимлар тузмасдан тарк этиш ҳақида гапирмоқда. Сиёсатчи ЕИ билан иқтисодий алоқаларни узиб, унинг ўрнини Лондон узоқ хориж давлатларининг эътиборсиз қолдирилган бозорларини эгаллаш билан қоплаши мумкин. Воқеалар шундай тус оладиган бўлса, ЕИ ва оролдаги қироллик ўртасидаги муносабатлар Бутунжаҳон савдо ташкилоти меъёрлари билан тартибга солина бошлайди, бу эса икки томонлама солиққа тортиш ва ҳар икки тараф учун ҳам экспорт тушумининг пасайишига олиб келади. Бу ҳолатда Франциянинг йўқотишлари 4 миллиард евро миқдорида баҳоланса, Германиянинг зарарлари янада каттароқ бўлади.
Brexit’нинг Жонсон сингари радикал кайфиятда бўлмаган тарафдорлари Европа маконида баъзи бир иқтисодий имтиёзларни сақлаб қолган ҳолда ЕИни тарк этишни мўлжаллашмоқда. Масалан, савдо божларини 3 фоиз миқдорда музлатиб қўйиш имконияти ўйлаб кўрилмоқда. Лекин бу масалада кўп нарса Европа иттифоқининг позициясига боғлиқ бўлиб турибди. ЕИ элитаси орасидан кечкин Brexit учун қасос олишга чақирувлар ҳам янграмоқда — токи бошқа аъзоларга ҳам дарс бўлмоғи учун. Музокараларнинг интригаси — кескин брекзитчиларга қитъада улардан-да кескинроқ рақиблар борлигини билдириб қўйиш.
Уларнинг сирасига биринчи навбатда Еврокомиссия раиси Жан-Клод Юнкерни ва баъзи бир истиснолар билан, Франция президенти Франсуа Олландни киритиш мумкин. Олланднинг ихтиёрида шоҳона далил бор — миграцияга оид: чунки 2003 йилги шартномага кўра, француз ҳукумати қочқинларни Буюк Британияга ўтказиб юбормасдан ўз ҳудудида ушлаб туради. Битимни қайта кўриб чиқиб, Париж қитъа ва Буюк Британияни боғловчи туннел яқинида жойлашган Калдаги мигрантлар лагери муаммоасидан бутунлай қутилиши мумкин. Бироқ, социалистлар маъмурияти қўлидаги бундай устунликдан фойдаланиш учун тайёр эмасга ўхшайди.
Энди нима бўлади?
29 март куни Буюк Британия ЕИ таркибидан чиқиши ҳақида эълон қилгач, копток энди Брюссель томонга ўтди. Кутилишича, 31 март куни Еврокенгаш раиси Доналд Туск Мэйнинг мактубига расман жавоб беради. Бироқ, бюрократик тўсиқлар мавжудлигидан музокаралар, албатта, анча кейин бошланади. Аввалига Европа етакчилари ўз позицияларини маъқуллаштириш мақсадида олдиндан мўлжалланмаган саммит ўтказиб олишди. Шундан сўнг Лондон ва унинг 27 собиқ ҳамкорига бир тўхтамга келиш учун мураккаб йўллардан юриладиган ягона музокара форматида учрашишга тўғри келади. Ахир якуний шартнома жараённинг барча қатнашувчилари томонидан тасдиқланиши керак, уларнинг ҳар бири де-факто вето ҳуқуқига ҳам эга.
Экспорт кредитларини суғурталашга ихтисослашган Euler Hermes компанияси воқеалар оптимистик тус олганида ҳам Британиянинг тарк этиши билан боғлиқ деталлар Европа конституцияси ўрнини босувчи Лиссабон шартномасида кўзда тутилган муддатлардан ўтиб кетади, дея баҳоламоқда. Ушбу ҳужжатнинг 50-моддасига кўра тарк этувчи давлатга 2 йил ажратилади. Бироқ бир тўхтамга келишнинг иложи йўқ бўлса, қайсарлар учун яна муддат қўшиб берилиши мумкин. Euler Hermes томонидан баён этилган сценарийда Brexit бўйича музокаралар 2021 йилгача давом этиши мумкин. Бу эса ҳали воқеалар ривожининг энг ёмон варианти эмас.
Мавзуга оид
03:11
Британия дронларга қарши янги турдаги радиочастотали қуролни синовдан ўтказди
18:56 / 22.12.2024
Британиялик ҳарбийлар оммавий равишда армиядан кетишни бошлади
21:42 / 19.12.2024
Британия Украина аскарларини тайёрлаш учун Украинага ўз инструкторларини юборади
21:56 / 11.12.2024