Жамият | 02:35 / 05.04.2017
25854
3 дақиқада ўқилади

Кўз тўймаса: Бешариқда коллеж директорининг порахўр ўринбосари қўлга олинди

Оминахон Саидованинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ошиғи олчи эди. Етти йилдан буён шифокорликдан ташқари, педагогик фаолият билан ҳам шуғулланиб келади. Тиббиёт коллежида дарс бериб қолмай, ўқув ишлари бўйича директори ўринбосари лавозимида ишлаётганди. У 2014 йилда ўз хусусий клиникасини ҳам таъсис этган, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Махфиратхон 9-синфни битириб, ҳамшираликка ўқишни ихтиёр қилган жияни Дилшоданинг илтимосига кўра, ҳужжатларни қабул қилиш тартибини суриштириш ниятида коллежга борди ва қарийб ўн беш йилдан буён биладиган танишини учратиб қолди. Оминахон уни кабинетига бошлаб кирди. Махфиратхон тартиб-қоида билан қизиққанида эса овозини пастлатиб, қўли билан ўқишга киришнинг баҳоси беш юз доллар эканини кўрсатди. Шунча берса, жиянини ўқишга киритиб қўйишини, бундан камига коллежга кира олмаслигини уқтирди.

-  Тўловни қачон қилиш керак?

-  Жиянингиз ҳужжатларни топшираверсин, тўловни хусусий клиникамда берасиз. Агар ўзим бўлмасам, қўлимда ишлайдиган синглим Донохонга бериб қўйинг, - дея О.Саидова қўл телефони рақамини ёзиб беради.

Махфиратхон танишининг талаби ҳеч қандай қонун-қоидага сиғмаслигини ўйлаб, хуноби ошди. Охири бир қарорга келди. Эртаси куни соат кундузги тўртларда коллеж директорининг ўринбосарига қўнғироқ қилди:

-  Беш юз доллар топиб қўйдим, қаерга борай?

-  Хусусий клиникамдаман, келаверинг.

Махфиратхон у билан клиниканинг иккинчи қаватидаги муолажахонада кўришди.

-  Пул билан жиянимнинг “метрикаси”ни ҳам олиб келдим.

О.Саидова уни ташқарига бошлаб чиқди ва қўлида ишлайдиган ҳамширага “Манавини олиб қўй. Санаб ол, пуллар сенда турсин”, деб тайинлади. М.Ҳамидованинг аризаси бўйича ўтказилган тадбирда пора тама қилган директор ўринбосарининг қилмиши фош этилди. 500 АҚШ доллари эса ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинди.

Судда О.Саидова айбига иқрор бўлмаса-да, танишининг жиянини ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 500 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилган холис ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, далиллар билан тасдиқланди. Коллежнинг собиқ директор ўринбосарига бир йил мобайнида мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. 
 

Мавзуга оид