Жамият | 16:53 / 03.05.2017
32172
5 дақиқада ўқилади

Олимлар қанд ва мия саратони ўртасида ғалати боғлиқликни аниқлашди

© Fotolia / crevis

Қон ва тўқималардаги қанд миқдорининг пастлиги нерв тўқималаридаги хавфли ўсма — глиома ривожланишининг юқори эҳтимоллилигига статистик жиҳатдан боғлиқ экан, деб ёзилади Scientific Reports журналида эълон қилинган мақолада.

«Диабет ва қондаги қанд миқдорининг меъёрдан ортиқлиги тўғри ичак, сут безлари ва сийдик пуфаги каби бир неча орган ва тўқималарда саратон ривожланиши эҳтимолини ошириб юборади. Бу ҳолатда диабетга чалинганлар ва қонида глюкоза миқдори юқори бўлганларга нисбатан, қанд миқдори меъёрида бўлган инсонларнинг миясида хавфли ўсмалар кўпроқ пайдо бўлар экан», — деб ҳикоя қилади Коламбус (АҚШ) даги Оҳайо штати университети ходими Жудит Шварцбаум.

Глиома — бош ва орқа мия саратонининг энг кўп тарқалган кўринишларидан бири. Уни «пайдо қилувчилари» нерв ҳужайралари эмас, глия деб аталувчи, миянинг нейронларини шикаст ва инфекциялардан асровчи, унга озиқ моддалар етказиб берадиган боғловчи тўқимаси ҳисобланади. Қоидага кўра, саратоннинг бу кўринишини даволаб бўлмайди ва глимога эга бўлганлар, ўсма аниқланганидан кейин 1–2 йил ичида вафот этишади.

Айни пайтда олимларда глиоманинг келиб чиқиш сабаблари ва бундай ўсмаларнинг ривожланишига қандай омиллар ёрдами бериши ёки тўсиқ бўлиши борасида аниқ бир тўхтам йўқ. Олимларнинг бир қисми бундай ўсмалар С витамини ва бошқа оксидантлар даражаси паст бўлган парҳез таомлар истеъмол қиладиган инсонларда ривожланишини айтишса, бошқа қисми генетик омиллар ва цитомегаловирус билан зарарланишни сабаб қилиб келтиришади. 

Шварцбаум ва унинг ҳамкасблари глиома ривожланишининг яна бир потенциал омилини топишди — улар 15 йил давомида Швеция ва Австриядаги бир миллионга яқин инсонларнинг саломатлигини кузатиб, қонда қанд миқдорининг етишмаслиги уни келтириб чиқаради, деган тўхтамга келишди. Олимларнинг таъкидлашларича, бу лойиҳалар нотўғри озиқланиш ва диабетнинг саратон ва бошқа оғир хасталикларга боғлиқлигини кўрсатувчи омилларни аниқлашга йўналтирилган эди.

Глиома ва мия саратонининг бошқа шакллари аслида жуда кам ривожланади, бу лойиҳа ишлаган бутун вақт мойнида миллионга яқин кишидан фақат саккиз юз нафарида шундай ўсмалар аниқланган. Уларнинг парҳезларини текшириб кўриб, олимлар саратоннинг ривожланишига қайси омиллар ёрдам бериши ёки тўсқинлик қилиши мумкинлигини тушунишга ҳаракат қилишган. Бу таққосларнинг натижалари бири бошқасини инкор этадиган ҳолатда бўлди. 

Олимлар кутишганидек, саратон аниқланишидан олдин олинган таҳлилда қондаги қанд миқдори кўплиги глиома ривожланишининг юқори эҳтимоли билан боғлиқ бўлган. Мақола муаллифлари ўз ёзувларини текшириб кўриш учун вақтни бир йил орқага «қайтаришган»да манзара бутунлай бошқа тарафга ўзгарган — лойиҳанинг қанд миқдори ошиқча бўлган ва диабетга чалинган қатнашчилари қондаги глюкоза миқдори меъёрида ёки кам бўлган швед ва австралияликларга нисбатан келажакда глиомага камроқ дучор бўишган.

Бу сўровларда иштирок этган инсонлардаги саратоннинг бошқа кўринишларида эса бирорта бундай ҳолатга дуч келинмаган, шу сабабли Шварцбаум ва унинг ҳамкасблари бундай парадокс қандай юзага келгани ҳақида бош қашлаб қолишган. 

Шварцбаумнинг фикрича, бундай ғалати ҳолатга сабаб диабетнинг бош ҳаракатлантирувчи омили — инсулиннинг ишидаги ўзгаришларга боғлиқ. Инсулин нафақат қондаги қанд миқдорини тартибга солади, шу билан бирга кучли ўсиш гормони ҳам ҳисобланади. Диабет ва қонида қанд миқдорининг юқорилиги билан хасталанган инсонларда инсулин миқдори соғлом одамларникига нисбатан камроқ, бу ҳол ўсма пайдо бўлишининг олдини олади ва глиоманинг дастлабки ривожланиш босқичларида унга қарши курашиш учун иммун тизимига ёрдам беради. 

Ўсма мияда яхшилаб жойлашиб олгач, у кўп миқдорда озиқ моддалар ва кислород истеъмол қила бошлайди, бу эса мия саратони аниқланган инсонларнинг қонида нега қанд миқдори бошқаларникига нисбатан юқори эканини тушунтириб беради. 

Шварцбаумнинг фикрича, буларнинг барчаси мия саратонининг ташхиси ва унга қарши курашда эътиборга олиниши керак бўлган жиҳатлардир. Ўсма ривожланишининг олдини олишда ёки ўсма шаклланиб бўлгач шундай кимёвий терапия тури танланиши керакки, ҳали соғлом мияда унинг пайдо бўлишига имконият бермаслик ёки саратон ҳужайраларининг қанд истеъмол қилишини чеклаш лозим.

Мавзуга оид