Ўзбекистон | 17:20 / 07.05.2017
33170
6 дақиқада ўқилади

«Билмайман». Вазирлик матбуот хизматида ишлаш учун нимани билиш кифоя?

2 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «2017 йил 6 май шанба дам олиш кунини 2017 йил 8 май душанба кунига кўчириш тўғрисида»ги қарорга имзо чекди. Қарорга кўра, 2017 йил 6 май шанба дам олиш куни 2017 йил 8 май душанба кунига кўчирилди ва иш куни деб ҳисобланди, 2017 йил 8 май душанба куни дам олиш куни деб эълон қилинди.

Президент қарори билан ҳаммасига ойдинлик киритилгандек гўё: ким қачон дам олади. Аммо тегишли вазирлик ва идораларда қарорни тушунишмаган кўринади. Бундай ёзилишига сабаб бор.

Кун.uz таҳририятга келиб тушган кўплаб мурожаатлар туфайли Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Халқ таълими вазирлиги ва Меҳнат вазирлигига қўнғироқ қилиб, ушбу масала юзасидан аниқ маълумот олишни истади. Яъни ОТМ, коллеж ва лицейлар талабалари, мактаб ўқувчилари ҳам дам оладими ёки йўқ? Афсуски, бу уринишлар самарасиз бўлди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидаги ҳайъат котиби бу борада аниқ маълумотга эга эмаслиги, масалани ўқиш жойининг ўзидан сўраш кераклиги, у ерда қандай тартиб ўрнатилган бўлса шундай амалга ошишини айтиб ўтди. Айниқса бир гап боксчининг нокаутидек таъсир қилди: «Билмадим, кўчирилди шекилли». Тушунарсизлик давом этди. 

Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати билан ҳам боғланилди. У ердаги ходим эса ўзининг асосий вазифаси матбуот билан ишлаш, журналистларга керакли маълумотни етказиш эканини ёдидан чиқариб қўйгани маълум бўлди: у бошқа бўлим телефон рақамини бериши мумкинлиги, у ердагилар масалага ойдинлик киритишлари ҳақида айтиб ўтди. Ва у бу сўзларни шу қадар беписандлик билан айтдики, у журналистнинг қайтиб қўнғироқ қилмаслигини истаётгани сезилиб турарди. Бошқа ходимлар ҳам буни аниқ билмасликлари аниқланди, улар умуман журналист нима хоҳлаётганини тушунишгани ҳам йўқ. Гўёки «бизнинг ҳеч нарсадан хабаримиз йўқ, ўзи сизга биздан нима керак?» қабилидаги жавоблар қайтарилди.

Шу ўринда Меҳнат вазирлиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Бу вазирликнинг матбуот хизмати умуман ҳаддан ташқари даражада, яъни бу даража нолга тенг. Ҳар гал бу хизмат билан боғланилганида, тегишли маълумот олиш игна билан қудуқ қазишдек гап. Журналистлар маълумот олишдаги энг катта муаммога айнан шу вазирликда дуч келишлари кўп бора синалган. 

Таҳририят юқоридаги масала юзасидан эса Халқ таълими вазирлиги ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказидангина аниқ жавоб олди. Бу ҳам тинимсиз қўнғироқлар эвазига амалга ошди. 

Айтилишича, мактаб ҳамда коллеж ва лицейларда душанба куни дам олиш куни бўлади. Душанба кунги дарслар кейинги машғулотлар давомида ўтказилади. Лекин шу оддийгина жавобни олиш учун ярим кун вақт кетгани кишини ўйлашга чорлайди. 

Оддий савол туғилади. Тегишли вазирликлар матбуот хизматидаги тепса тебранмас ходимларни ушлаб ўтириш, улар ҳеч нарса қилмаса ҳам давлат бюджетидан маош тўлаш керакмикан? Матбуот хизмати тизими Ўзбекистонда ўзи қачон ривожланади? 

Президент қарорида белгилаб берилган маълумотни ўз сайтида эълон сифатида бериб, ОТМлар ёки коллеж ва лицейлар, мактабларда ҳам дам олиш куни бўлишини аҳолига тезкорлик билан етказиш кераклиги ёш болага ҳам тушунарли бўлса керак. Афтидан, вазирлик ходимлари бу ҳақда ўйламаган ҳам. Бу борада халққа, ёшларга маълумот беришни муҳим, деб ҳисоблашмаган шекилли.

Эътибор бериладиган бўлса, қайсидир бир байрам муносабати билан Президент иш кунларини ўзгартириш орқали аҳолига қўшимча дам олиш кунларини белгилаб берганида ҳар доим шундай вазият юзага келади. Тегишли вазирликлардан тайинли жавоб олиш мисли кўрилмаган «жанг майдонига» айланиб кетади. Гўё улар мудофаада, журналистлар эса ҳужумда. Ғолиб йўқ, мағлуб эса табиийки фуқаролар.

«У билан гаплашинг», «биз бу ҳақда бирон нарса дея олмаймиз», «бошлиқ нима десалар шу» каби жавоблардан журналистлар ҳам бора-бора уларга қўнғироқ қилишга оғриниб қолишмаса, охир-оқибат улар ҳам «шекилли», «билмадим» ёки «менга нима, дам бўлса дам-да» каби ишлашга ўрганиб қолишмаса бўлди ишқилиб.

Халқ билан мулоқот биринчи ўринга олиб чиқилган айни пайтда аҳолининг оддий саволига ҳам жавоб беришни эп кўрмайдиган баъзи ўзига бино қўйган вазирлик ходимларини қандай қилиб ҳақиқатан ҳам ишлашга ўргатиш мумкин? Ҳар бир инсон, айниқса, давлат идорасида меҳнат қилаётган ҳар бир ходим тинимсиз ишлайдиган, ўз халқи фаровонлиги учун пешонасидан тер тўкиб ҳаракат қиладиган даврда юқорида айтилгандек тепса тебранмас шахсларнинг борлиги ғоят ачинарли.

P.S. Мақола қайсидир вазирликнинг камчилигини топиш мақсадида ёзилгани йўқ. Шунчаки давлат идораларидаги матбуот хизматларининг «ғоят сермаҳсул» фаолиятига бир қур назар солинди ва аниқ ҳолат юзасидан бу борада фикр билдирилди. Бугунги кунда матбуот хизматидагилар ишни сайтга кунора мақола чиқариб қўйиш ва "Фейсбук" саҳифасида баъзи хабарларни «репост» қилиб қўйишдан иборат деб ўйлашмоқда ёки уларнинг салоҳияти фақат шунга етади. Дарвоқе, аксарият вазирликлар сайтларида янгиликлар ва маълумотлар биринчи бўлиб рус тилида берилиши ҳақида кейинчалик алоҳида мақола тақдим этилади. Бу ҳам миллий журналистика учун оғриқли масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистонда ходимлар дам олиш кунини ўз ҳисобига сотиб олишдими ёхуд Меҳнат вазирлиги нега жим?

Мавзуга оид