Спорт | 23:20 / 16.05.2017
26742
5 дақиқада ўқилади

Боку—2017, бешинчи кун. Битта олтин, учта кумуш ва битта бронза

Бугун Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида IV «Ислом бирдамлиги спорт ўйинлари»нинг бешинчи кунги мусобақалари давом этди. Шу куни Ўзбекистон делегацияси медаллар жамғармаси яна битта олтин, учта кумуш ва битта бронза медаль билан бойиди. Лекин Ўзбекистон умумий рейтингда бир поғона пастлади, шу куни 5та олтин, 4та кумуш ва 3та бронза қўлга киритган Эрон вакиллари бешинчи ўриндан учинчи ўринга кўтарилди.

Бугун ўзбекистонлик спортчилар 6та спорт турида иштирок этишди.

Оғир атлетика

Фото: МОҚ

-85 кг вазн тоифасида мусобақада иштирок этаётган Улуғбек Алимов қатнашчилар орасида иккинчи натижани қайд этди ва якунда кумуш медаль соҳибига айланди. Бу вазнда биринчи ва учинчи ўринларни ироқлик ҳамда саудия арабистонилик спортчилар қўлга киритишди.

Фото: МОҚ

-94 кг вазн тоифасида қатнашган Фарҳодбек Собиров ҳам яна бир кумуш медалга эга чиқди. Бу вазнда биринчи ўринни эронлик тош кўтарувчи эгаллади, учинчи ўриндан мезбонлар вакили жой олди.

Таэквондо WTF

Фото: МОҚ

Ушбу спорт тури бўйича -58 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Ниёз Пўлатов кун аввалида озарбойжонлик ва туркиялик рақибларини мағлубиятга учратиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. У ярим финалда тунислик Худи Неффатини ҳам енгди. Унинг финалдаги рақиби жароҳат туфайли жангни бекор қилди ва ўзбекистонлик спортчи автоматик равишда олтин медаль эгасига айланди. Яна икки таэквондочи Сухроб Бобобеков ва Қосимова Зария медаль олмади. 

Дзюдо
Жамоавий баҳсларда қизлар жамоаси ҳам медаль қўлга киритишди. Омонгул Алланазарова, Муҳайё Ибрагимова, Диёра Келдиёрова, Гулноза Матниёзова ва Кумуш Йўлдошевадан иборат Ўзбекистон терма жамоаси бронза учун баҳсларда Жазоир вакилларидан устун келишди. Олтин ва кумуш медаллар Туркия ҳамда Озарбойжон вакилларига насиб қилди.

Теннис
Эркаклар ўртасида якка тартибда иштирок этаётган Сергей Фомин илк босқичда малайзиялик Мерзукини 7:5, 6:1 ҳисобларида мағлубиятга учратди. Саидаъло Саидкаримов эса эртага Мозамбик вакили Элиасга қарши кортга чиқади. 

Жуфтлик баҳсларида иштирок этаётган Саидаъло Саидкаримов ва Амал Султонбеков жуфтлиги Саудия Арабистони вакиллари Ал Саад ва Алҳақбанига қарши кортга чиқди ҳамда 6:4, 6:1 ҳисобларида ғалаба қозонди. Энди бу жуфтлик чорак финалда Қатар вакиллари Зойид М/Зойид М жуфтлигига қарши баҳс олиб боради.

Енгил атлетика
100 метрга югуриш баҳсларида Нигина Шарипова ярим финалда иштирок этди. У ярим финалда 16 нафар спортчи ичида иккинчи натижани қайд этди ва финалда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Унинг финалдаги натижаси иккинчи бўлди - кумуш медаль.

Бокс
Шу кунгача ўтказилган баҳсларда турнирда иштирок этаётган ўзбекистонлик 9 нафар боксчидан 3 нафари – Абдулҳай Шораҳматов (-56 кг), Мироншоҳ Ибрагимов (-49 кг) ва Бобо Усмон Батуров (-69 кг) ярим финал йўлланмасини қўлга киритганди.

Бугун Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган яна 3 нафар боксчи чорак финал доирасида рингга кўтарилди. -52 килограммгача бўлган вазнда Аброржон Қодиров чорак финал доирасида озарбайжонлик Маъсуд Юсуфзога қарши жанг қилди. У рақибидан тўла устунлик қилди ва ярим финалга чиқди.

-64 килограмм вазндаги Алиёр Норалиев мезбон боксчиси Элвин Исаев билан куч синашди ва 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финалга йўл олди.

-75 килограмм вазн тоифасидаги Маҳмуд Ғоипов эса қозоғистонлик Турсинбай Кулаҳметга қарши жанг ўтказади.

Шунингдек, -60 килограмм вазндаги Улуғбек Дўстмуродов ярим финал йўлланмаси учун қозоғистонлик Заурбек Султанга қарши кураш олиб боради. Ушбу жанг санаси кейинроқ маълум бўлади. -91 килограмм вазн тоифасидаги Сардор Бегалиев ўз жангини ҳали ўтказмади.

Ўзбекистонлик боксчилардан бири турнирни тарк этиб бўлган, Мадиёр Саидраҳимов (-81 кг) биринчи жангидаёқ мағлубиятга учраганди.

Мавзуга оид