Ўзбекистон | 12:10 / 16.05.2017
42660
2 дақиқада ўқилади

Юридик университет қабул квоталари сонини оширди

Фото: tsul.uz.

Тошкент давлат Юридик университети 2017-2018 ўқув йили учун қабул квоталарини тасдиқлади. Lex.uz сайтида президентнинг тегишли қарори чоп этилган.

Унга кўра университетга қабул қилинадиган бакалаврлар сони тўлов-контракт асосида ўқийдиган талабалар ҳисобига 450дан 600гача оширилган.

Шунингдек, ушбу қарорда Тошкент Юридик университетига ҳужжат топширган хорижлик талабалар квотадан ташқари тартибда, имтиҳонсиз қабул қилиниши белгиланган. Улар фақат суҳбатдан ўтиши керак бўлади. Белгиланган тартибга кўра, хорижлик талабалар тўлов-контракт асосида ўқийди ва ўқиш пулини хориж валютасида тўлайди.

Эслатма. 2016 йилнинг 16 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига кириш тест синовларига тайёргарлик жараёни оптималлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинганди.

Шунга кўра, бу йилдан ОТМларга ҳужжатлар 15 июндан 15 июлгача қабул қилинади. Давлат консерваториясида эса қабул комиссияси 15 июндан 10 июлгача ҳужжатларни қабул қилади.

Шунингдек, киритилган ўзгартиришларга кўра, Олий ҳарбий таълим муассасаларига кириш учун тест синовлари 5 июлгача ўтказилади. Бунгача тест синовлари 10 июль санасига ўтказилар эди.

Мавзуга оид