Light | 10:48 / 03.06.2017
123628
6 дақиқада ўқилади

Инсон организми учун энг фойдали ёнғоқ турлари

Ёнғоқлар ҳажми кичик бўлишига қарамай, фойдали моддаларга бойдир. Уларда витаминлар, минераллар, шунингдек "зарарли" холестерин даражасини пасайтиришга имкон берувчи монотўйинтирилган ва политўйинтирилган ёғлар мавжуд. Кўплаб клиник синовлар давомида ёнғоқларнинг таомларга қўшилиши организмга ижобий таъсир қилиши, моддалар алмашинувини нормаллаштириши ва иммунитетни ошириши исботланган. Бунга уларнинг анча калорияли маҳсулот эканини қўшсак, енгил тамадди қилиш учун мукаммал егуликка эга бўламиз.

Шундай бўлса-да, уларни эртадан кечгача ейиш мақсадга мувофиқ эмас. Ёнғоқнинг ҳар бир тури фақатгина меъёрида истеъмол қилинганда, ўзига хос озуқавий ва шифобахш хусусиятларга эга бўлади. Don't Panic ёнғоқларнинг фойдали хусусиятларига оид мақоласи билан бўлишди.

Ёнғоқ (оддий)

Бу ёнғоқ B2, B12, A, D C, E, K витаминлари ва кўплаб бошқа моддаларга бой. Бундай ёнғоқларда айниқса альфа-линол кислотаси кўп бўлади. Шу боис юрак ритмини нормаллаштиришда ёнғоқларнинг шу тури истеъмол қилинади. Сезиларли натижаларга эришиш учун мутахассислар кунига 8 тагача ёнғоқ истеъмолини тавсия қилишади.

 

Хандон писта

Ёнғоқ кучли аллергия қўзғатувчи маҳсулот ҳисобланади, шунинг учун уни истеъмол қилишда меъёрга риоя қилиш лозим. "Дори" сифатида истеъмол қилинганда кунига 30 грамм кифоя қилади. Хандон писталар B6, Е витаминларига бой, шунингдек уларда етарлича мис, марганец, фосфор ва муҳим микроэлементлар мавжуд. Хандон писта қон таркиби ва жигар фаолиятини яхшилайди ҳамда юрак-қон томир касалликлари ривожланишини олдини олади. Уларни ҳар куни истеъмол қилиш ўпка ва бошқа органлар саратони хавфини камайтиришга ёрдам беради.

 

Ерёнғоқ

Техник жиҳатдан ерёнғоқ дуккакли ўсимликлар туркумига киради. Ерёнғоқ асаб тизимининг нормал фаолияти, ДНК ва РНК синтези, миянинг тўғри ишлаши учун зарур бўлган  филат - B9 витаминига бой. Ерёнғоқни меъёрида истеъмол қилиш мия фаолиятини рағбатлантиради, кексайганда эса мияни ақлий фаолият заифлашувидан ҳимоялайди.

 

Бодом

Бодомда кальций бошқа ёнғоқларга қараганда кўпроқ. Бундан ташқари, у целлюлоза ва E витаминига бой, бу эса организмнинг яллиғланиш жараёнларига қарши самарали курашиш имконини беради. Шу билан бирга бодом кўриш қобилиятини яхшилаш, ичаклар фаолиятини нормаллаштириш, стрессларни енгиш ҳамда уйқуни тартибга келтиришда ёрдам беради.

 

Кешью

Кешью ҳосили икки қисмдан иборат: мевасининг ўзи ва унинг тепасидаги ёнғоқ. Улар пўстлоқсиз сотилади. Харидорлар қулайлиги учун эмас, унинг пўстлоғи остидаги терини куйдирувчи заҳарли ёғ мавжудлиги учун шундай қилинади. Ёнғоқ истеъмол учун хавфсиз бўлиши учун термик қайта ишлаш жараёнидан ўтказилади.

 

Кешью А, В2, В1 каби витаминлар, цинк, фосфор, кальций, темир моддаларига бой. Бундай элементлар тўплами уни антибактериал ва антисептик хусусиятлар билан таъминлайди. Ёнғоқнинг бу тури иммун тизимини мустаҳкамлаб, қондаги холестерин миқдорини нормаллаштиради, шунингдек юрак-қон томир фаолиятини яхшилайди.

 

Фундуқ

Ўрмон ёнғоғида организмга керакли барча аминокислоталар, шунингдек B, А, С, Е, РР гуруҳлари витаминлари мавжуд. Фундуқдаги темир моддаси миқдори унинг гўштдаги миқдоридан ҳам кўп. Фундуқ организмдан токсинлар ва шлакларни чиқариб ташлашга ёрдам беради, иммунитетни мустаҳкамлайди, ундаги Taxol моддаси эса ўсимталарнинг ҳосил бўлиши ва ривожланишига тўсқинлик қилади.

 

Макадамия

Асл ватани Австралия бўлган макадамия энг калорияга бой ёнғоқлардан бири ҳисобланади. Макадамия В, Е, РР гуруҳлари витаминлари, кальций, селен, мис, фосфор, цинк, калий, натрий, органик кислоталар ва ёғлар манбаидир. Уни меъёрида истеъмол қилиш юрак-қон томир касалликлар учун ажойиб профилактика ва суяклар касаллигини самарали даволовчи воситадир. Бундан ташқари, ёнғоқ антикосидант ва ёшартирувчи хусусиятларга эга.

 

Пекан

Пеканнинг пўстлоқдаги ҳосиллари зайтунларга ўхшайди, шу боис унинг иккинчи номи - "зайтун-ёнғоқ". Пеканнинг шакли ва таъми оддий ёнғоққа ўхшаб кетади. Пекан 70 фоиз ёғлардан иборат, шунинг учун уни ёғли маҳсулотлардан алоҳида истеъмол қилиш тавсия этилади. Ёнғоқнинг ушбу тури кўплаб озуқавий ва фойдали моддаларга бой, шунингдек унда саратон ҳужайралари ўсишини тўхтатувчи Е витамини турларидан бири мавжуд. Пекан айниқса авитаминоз, чарчоқ, камқонлик ва иштаҳасизликда фойдалидир.

 

Кедр ёнғоқлари

Сибирь кедр қарағайи уруғларида 19 аминокислота,  А, В, С, D, Е, Р витаминлари, муҳим макро- ва микроэлементлар мавжуд. Уларнинг концентрацияси шу қадар юқорики, атиги 100 грамм кедр уруғлари марганец, мис, цинк, калий, кальций, кобальт ва бошқа элементларнинг суткалик дозасига бўлган эҳтиёжни қоплайди.

Кедр ёнғоқлари организмга умумий мустаҳкамловчи таъсир кўрсатади, асаб тизими фаолиятини нормаллаштиради, юрак-қон томир касалликлари хавфини камайтиради. Ёнғоқ пўстлоғида яллиғланишга қарши сезиларли таъсир кўрсатадиган ва оғриқсизлантирадиган танинлар мавжуд.

 

Бодом, кешью, хандон писта

 

Ёнғоқларнинг бундай тўплами хушбичимликни мақсад қилган ва парҳез тутишга қарор қилган кишилар учун энг мақбул танлов ҳисобланади. Омега-3 ёғ кислоталари, оқсиллар ва целлюлозалар бирикмаси ўзингизни кучга тўлгандек ҳис қилишингизга имкон беради. Улар иштаҳани пасайтиришга ёрдам бериб, тўқлик ҳиссини беради.

Қадоқсиз ёнғоқлар қадоқдагиларига нисбатан фойдалироқдир, зеро уларда одатда ёғ ёки шакар каби турли қўшимчалар бўлади.

Мавзуга оид