Жаҳон | 03:38 / 11.06.2017
10937
3 дақиқада ўқилади

Тўрт кишини ўлдирган «Кратоволик мерган» махсус операция мобайнида йўқ қилинган

Фото: РИА "Новости"

Москва остонасидаги Кратово шаҳарчасида отишма ташкил этган шахс йўқ қилинди, деб хабар бермоқда РИА Новости.

ИИВнинг Москва области бўйича бош бошқармаси Раменск районининг Кратово шаҳарчасида бир эркак ўз уйидан туриб ов милтиғидан йўловчиларни ўққа тутганини хабар берган эди. Отишма натижасида тўрт киши вафот этган. «Икки ва ундан ортиқ одамнинг ўлими» ва «Ҳуқуқ-тартибот органи ҳаётига тажовуз қилиш» ва бир неча моддалар бўйича жиноят иши қўзғатилганди.

«Жиноятчини Россия ИИВ ва гвардиячиларининг ҳамкорликда уюшқоқлик билан олиб борилган ҳаракатлари ёрдамида топиб олдик. Қўлга олиш вақтида у фаол қаршилик кўрсатган ва ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўлдирилган», — деб хабар берди ИИВнинг махсус вакили.

«Кратоволик мерган» тўрт нафар махсус хизмат вакилини ярадор қилган, уларнинг жароҳати енгил, деган воқеа жойига етиб келган ички ишлар вазири Владимир Колокольцев журналистларга.

«Жиноятчи йўқ қилинди. У бир неча соат давомида қаршилик кўрсатди, гранаталар улоқтирди. Жами 14 марта портлаш рўй берди, тўрт нафар махсус хизмат вакиллари ярадор бўлди. Жароҳатлар енгил, ҳаёт учун хавф солмайди», — деган вазир.

Кратоводаги махсус операцияга якун ясалди, тергов «кратоволик мерган»нинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беради ва уни жиноятга ундаган барча сабабларни аниқлайди, деди журналистларга Россия ИИВ раҳбари Владимир Колокольцев.

Вазирнинг айтишича, махсус операция ўтказилган ҳудуддаги тинч аҳоли вакилларига ҳам талофат етказилган.

«Таассуфки, махсус операция ўтказилган ҳудудда пайдо бўлиб қолган тинч аҳоли вакиллари ичида ҳам талофат кўрганлар бор», — деган у.

ИИВнинг Москва области бўйича бош бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Татьяна Петрова илгарироқ Кратовода юз берган отишма тўрт инсоннинг ҳаётига зомин бўлгани ва яна икки нафари ярадор қилинганини айтиб ўтган эди.

Мавзуга оид