Жамият | 15:26 / 12.06.2017
10737
2 дақиқада ўқилади

Нотариал идоралар иши ҳақида сўров ўтказилмоқда

Иллюстратив фото

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ўзбекистон нотариал идоралари фаолиятини баҳолаш бўйича ижтимоий сўров ўтказмоқда.

Фойдаланувчиларга қатор саволларга жавоб бериш таклиф этилган. Масалан, нотариал идора хизматларидан қачон охирги марта фойдаланганликлари ва хизматлар учун давлат божи миқдорини билишлари каби.

Нотариал идоралар томонидан ноқонуний ҳаракатларга гувоҳ бўлган фуқаролар жавобда бундай вазиятлардан бири вариантини кўрсатишлари мумкин, масалан, белгиланганидан кўра кўпроқ суммани, қўшимча ҳужжатларни талаб қилиш ёки хизматни тақдим этишдан бош тортиш. Шунингдек, ўз жавоб вариантини ёзиб қолдириш имкони ҳам бор.

Сўров нотариал идорага ташриф буюриш билан боғлиқ муаммоли вазиятларни ҳам қамраб олади. “Нотариал идоралар фаолиятида қандай муаммоларга гувоҳ бўлгансиз?” саволига бир неча жавоб вариантлари таклиф этилди. Улар орасида: нотариал идораларда ходимлар етишмаслиги, улар томонидан беҳурматсизлик қилиниши, нотариал тасдиқлаш учун бир неча соат ёки кунлаб кутиш, таниш-билишчилик асосида яхши хизмат кўрсатиш, идоранинг яшаш жойидан узоқда жойлашганлиги, ходимларнинг технологиялардан фойдалана олмаслиги ва бошқалар.

Фойдаланувчилар нотариал тизимдаги муаммоларни ҳал қилиш учун қандай чораларни кўриш лозимлиги борасида ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашишлари мумкин.

Жамоатчилик фикри сўрови 2017 йил 17 июнгача ўтказилади.

Мавзуга оид