Фан-техника | 11:38 / 15.06.2017
224092
10 дақиқада ўқилади

Биз ҳеч қачон қайтиб кўрмайдиган 10 буюк кашфиёт

Сайёрамизда ихтирочилар ва кашфиётчилар ҳамма асрда ҳам бўлган. Ҳув неча минг йиллар аввал кимдир оловдан қандай фойдаланишни тушуниб етганидан бошлаб кашфиётлар ҳаётимизни жўнроқ ва қулайроқ қилишга хизмат қилиб келмоқда. Масалан, инсон Ер куррасининг исталган нуқтасига ўзи билан олиб бориши мумкин бўлган ўша телефонни олинг. Лекин бутун оламни остин-устун қилиб юборувчи барча ихтиролар ҳам оммага ошкор этилмаган. Hi-news.ru биз эҳтимол ҳеч қачон қайтиб кўрмайдиган, ҳаётимизни тубдан ўзгартириб юбориши мумкин бўлган ўн ихтирони санаб чиқди.

Ёмғир чақирувчи қурилма

Исталган пайтда буйруқ бериб, ёмғир чақириш имконияти нақадар зўр, тўғрими? Мэн штатида черника ҳосилига таҳдид солган қурғоқчиликни олдиндан кўра билган олим Вилгельм Рейх Cloudbuster деб аталган ихтиросини тақдим этган. Уни бемалол «ёмғир чақирувчи» қурилма, деб таржима қилиш мумкин. 

Бу машинанинг иш услубини илк марта ёритган Bangor Daily News нашрининг хабарига кўра, уни ишга тушириш олдидан об-ҳаво маълумотида ёмғирдан дарак бўлмаган. Рейз машинани ишга туширганидан бир неча соат ўтиб, осмонни қалин булутлар қоплаган ва 0,64 миллиметр ёмғир ёғган.

Рейхнинг технологияси ҳукуматнинг баъзи бир ташкилотларига таҳдид туғдиргандирки, шу сабабли унинг ишларига якун ясалган, машинаси тортиб олинган. Машинанинг иккинчи синови ўтказилмасдан қолган. Лекин «ёмғир чақирувчи» ускуна охиригача ишлаб чиқилганида, дунё бўйлаб маҳсулот етишмовчилиги кузатилмасмиди...

Хонаки ядро энергияси

Ядро энергияси бутун дунё бўйлаб узоқ вақт уй хўжалиги учун зарур катта ҳажмдаги энергия ишлаб чиқарувчи усул сифатида таништириб келинган. Ядро энергиясидан оз-оздан фойдаланиш услубини қўллаб, бутун бир маҳаллалар узоқ вақт ундан туганмас энергия манбаи сифатида фойдаланишлари мумкин эди.

Бу технология ишлаб чиқаришнинг бозор фазасига олиб чиқилгач, инвесторлар кутилмаганда унга қизиқмай қўйишган, унинг чизмалари эса аллақайси офисдаги шкафларда йўқолиб кетган. Бундай қурилма учун шаҳар марказида қурилган кичикроқ омборхона бошпана бўлиб хизмат қилиши мумкин эди.

У бутун бир туманнинг энергетик маркази бўлиши, бир неча кварталларни бир вақтнинг ўзида энергия билан таъминлаши мумкин эди. Бундай қурилма инсонларга туганмас электр энергияси тақдим этиб, бу борада катта иқтисод қилишлари учун замин яратарди.

Слоотнинг рақамли коди

Бу ихтиро ҳақиқатдан ҳам 1999 йилдан бери «бедарак йўқолган» ҳисобланади. Замонавий технология ютуқлари шарофати билан кодлаштиришнинг бу усули замонавий компьютерлар ва мобил қурилмаларнинг фазовий ва тўпловчи хусусиятларини остин-устун қилиб юборган бўларди.

Нидерландиялик ихтирочини Ромке Яна Бенҳард Слоот деб аташарди. Унинг технологияси ёрдамида маълумотларни янада зичлаштириш мумкин эди. Унинг ихтироси тестдан ўтказилгани тасвирланган иллюстрацияга кўра, тўлақонли бир бадиий фильм бор-йўғи 8 килобайт ўлчамга эга бўлган.

Шифрлаш жараёни алгоритмининг ўзи 370 мегабайтга тенг бўлган. Слоот ўз лойиҳасининг муваффақиятини намойиш этиш асносида 64 килобайтлик чипдан 16 та тўлиқ метражли фильмни қўйиб берган. Харидорлар ва инвесторлар унинг ихтиросини қўлга киритиш учун навбат ҳосил қилиб турган бир пайтда, кодни топшириш маросимидан бир неча кун аввал Слоот шубҳали ҳолатда ўлим топади.

Тўлиқ электр автомобиль (гибрид эмас)

1990-йиллар сўнгида General Motors тўлиқ электр автомобилни бозорга тақдим этган. Ҳозир гибрид автомобилларнинг минг хил тури ишлаб чиқарилаётган бир пайтда бу нарса оддийдек туюлса-да, бу транспорт шу турдагилари ичра биринчиси бўлган.

Айни пайтдаги, газли двигателларнинг электрлиги билан бирлаштиришнинг нисбатан либералча ёндашувларида ҳам умуман бензин талаб этмайдиган оммабоп автомобиль яратилганича йўқ. GM EV1 ҳам муваффақиятли лойиҳа бўлишга интилмаган; GM бошламасига 800та шундай машина ясаган.

Бироқ, ўша вақтларнинг хабарларига кўра, GM батарея энергиясидан харидорлар норози бўлади дея, бу машиналарни ишлаб чиқаришдан олиб ташлаб, бор эътиборини мукаммал бензинли автомобилларга қаратган. Баъзи бир фикрларга кўра, GM кўплаб электр автомобиль ишлаб чиқариб сотишни режалаштирган, бироқ нефть компанияларининг босимига дучор бўлган.

Юрак-қонтомир касалликларини даволаш

Юрак-қонтомир касалликлари дунё бўйлаб аёллар (эркакларнинг ҳам, албатта) ўлимига энг катта сабаб экан, куни келиб самарали даволаш воситаси топилишини ўйлашнинг ўзи ваҳимали. Бу тақиққа учраган ихтиролардан бири ҳисобланади, чунки ўша вақтнинг жорий даволаш усулларига мутлақо зид эди.

Америка медицина ассоциациясининг маълумотларига кўра, бу ихтиро нафақат жорий даволаш усулини, бу усулни қўллаётган врачларни ҳам обрўсизлантиради. Уларнинг баёноти «инсоннинг юрак-қонтомир касалликлари ягона назарияси» усули билан шифо топган инсонлар ҳақидаги фактни очиқдан-очиқ инкор этади. Боз устига, юрак етишмовчилиги дардига мубтало бўлган айрим беморлар бу усулдан кейин аҳволлари оғирлашганини ҳам баён этишган.

Нашадан биоёнилғи

Марихуана билан адаштириб юборишадиган наша доим бу ўсимликнинг асл устунликларини кўра билмаганлар орасида салбий томондан танилган. Ундан улкан миқдорда этанол олинган. Бироқ нашани марихуананинг ўзгинаси деб ҳисоблашлари боис, этанол маккажўхоридан олина бошланган. Бироқ наша этаноли ишлаб чиқарувчи завод маккажўхориникидан каррасига самарали бўлиши мумкин, боз устига, унинг атроф-муҳит учун зарари камроқ бўлади.

Огл карбюратори

Тўлдирилган бак билан имкон қадар кўпроқ километр босишни ким истамайди, дейсиз! Замонавий гибрид автомобилларда ҳозир ушбу усулдан фойдаланилмоқда. Афсуски, ҳаттоки улар ҳам механик Том Оглнинг ҳужжатлаштирилган ихтироси олдида ип эшолмай қолади. 

1970-йилларда бу ихтирочи биз ҳалигача муқобилини учратмаган карбюраторни ихтиро қилади. Худди бугунгидек, газ ва нефть компаниялари ўшанда ҳам бозорда монополия ўрнатиб олишган эди. Гарчи Огл карбюратори 1 литр бензинда 48 километр йўл босиш мукинлигини кўрсатиб берган бўлса-да, у яратган қурилма тижорий миқёсда ишлаб чиқарилмаган.

Инқилобий таркибий қисм бензинни босим остида буғга аралаштириб, ички ёнув камерасига пуркаш ҳисобига ишларди. Лицензиялаштириш билан боғлиқ муаммолар ихтиронинг ғилдирагига чўп тиқди ва карбюратор ҳеч қачон оммавий ишлаб чиқаришга татбиқ этилмади, Оглнинг ўзи эса қурилмаси ҳақидаги маълумотларни ўзи билан қабрига олиб кетди.

Райф қурилмаси

1934 йили Роял Райф саратон касаллигига қарши курашувчи машина яратади. Ўша вақтларда саратон вирусга турдош касаллик ҳисобланарди. Шу сабабли Райф маълум бир зарарланган ҳужайраларга ҳужум қилиб, уни йўқотувчи лазер нури яратади.

Уйдирмага ўхшаб кўринаяптими?

Бу даволаш усули билан саратоннинг терминал босқичида бўлган 14 нафар бемор даволангани ҳужжатлаштирилган. Бироқ, Райф Америка медицина ассоциацияси билан ҳамкорлик қилишдан бош тортгач, ташкилот унинг ёндашувни обрўсизлантириш учун қўлидан келган барча ишни қилади. 

Энди эса АМА даволашнинг бу усулига қарши бевосита курашганини исботловчи бирорта далил қолмаган. Райф АМАни бошқа тиббиёт ташкилотлари билан тил бириктирганликда айблаган. Бироқ, унинг даволаш усули тўлиқ самарали бўлганини ҳам тасдиқловчи бирорта далил бизгача етиб келмаган.

Сувда юрувчи транспорт

Нақадар ҳайратланарли кўринмасин, сувда ҳаракат қилувчи бу транспортнинг ишлаб турган ўнлаб нусхаси мавжуд. Қайси бир автоишлаб чиқарувчи бу билан албатта, ҳеч қачон жиддий қизиқмайди.

Бундай турдаги энг машҳур автомобиллардан бири Стэн Мейер томонидан яратилган багги типидаги машинадир. Бу ихтиро 1 литр сувда 43 километр йўл босиши мумкин бўлган. Мейерга яқин ҳамкасбларининг айтишича, унга патентни сотиши ва бу борадаги тадқиқотларига нуқта қўйиши учун жуда катта босим уюштиришган.

Бироқ у рад жавобини берган. Гарчи кейинчалик дўстлари ва ҳамкасблари унинг йирик нефть компаниялари таклифига кўнмагани учун заҳарлашганини айтишса-да, Мейер кутилмаганда мия аневризмаси туфайли ҳаётдан кўз юмгани маълум.

Текин энергия (Никола Тесла)

Никола Тесла жаҳондаги энг машҳур ихтирочилардан бири бўлган. Гарчи унинг идроки билан яратилган бирор нарса инқилобий ўзгаришлар олиб келмаган бўлса-да, текин электр энергияси бир неча бор фитна назариясига қизиқувчиларнинг бош мавзусига айланган. Электр энергиясини симсиз узатишнинг муваффақиятли (ва ҳужжатлаштирилган) синовидан сўнг Тесла бу ҳодисани кучайтириб, битта минора билан улкан ҳудудларни энергия билан таъминлаш устида иш олиб бораётганига шама қилади. 

Ўша пайтлар кўпчилик Тесла бунинг уддасидан чиқишига ишонарди. Бироқ, лойиҳани молиялаштириш бирор натижага олиб келмайди, Тесланинг лабораторияси эса чизмаларию режалари билан сирли равишда куйиб кул бўлади. Бу ҳодиса бостирилган ва бўғилган ихтиролар ичида энг сирлиси ва яхшилаб ҳужжатлаштирилгани саналади. 

Юқоридаги ихтироларнинг ҳар бирини яқин келажакда қайта кўришимиз душвор, фитна назарияси ишқибозлари эса бу мавзуларга ҳали бот-бот мурожаат қилиб туришади.

 

Мавзуга оид