Фан-техника | 09:40 / 24.06.2017
7365
1 дақиқада ўқилади

Lenovo букилувчи ноутбук концептини намойиш қилди

Фото: Engadget

Lenovo компаниясида келажак материалларидан яратиладиган ноутбуклар букилувчи бўлади, деб ҳисобланмоқда. Хитой компанияси бундай қурилма концептини намойиш қилди, деб хабар бермоқда Engadget портали.

АҚШда компаниянинг матбуот ва ҳамкорлар учун ўтган тадбирида янги қурилманинг ўзи намойиш қилинмади, унинг ўрнига унинг компьютердаги тасвирлари билан чекланиб қолинди. Илғор материаллардан тайёрланадиган хаёлий ноутбук интернетга доимий равишда уланган бўлади, унда "янги экран технологиялари"дан фойдаланилади ва у билан "гаплашиш" мумкин бўлади.

Суратда ноутбук букланган ҳолатда тасвирланган бўлиб, кўринишича, у Microsoft’нинг Surface Book ноутбуги каби букилади. Ноутбукка тачпад илова қилинмайди, бироқ унинг экранида ёзиш мумкин бўлади.

Lenovo муҳандисларининг ғояси ҳаётга татбиқ қилинишига ҳали анча вақт борга ўхшайди, йўқса гап мавҳум материаллар ва технологиялар ҳақида кетмасди.

Мавзуга оид