Футбол ҳаками унга мушт туширган футболчини ҳибсга олмоқчи бўлди
Бразилиянинг футбол бўйича ҳаваскорлик лигасидаги ўйинлардан бирида ноодатий ҳодиса юз берди.
Гап шундаки, асосий касби полициячи бўлган учрашув ҳаками Камилу Эустакью де Соуза учрашув иштирокчиларида ҳам қўрқув, ҳам таажжуб уйғотган. Учрашувдаги вазиятлардан бирида пенальти белгилангандан норози бўлган футболчилардан бири унга мушт туширган. Шунда ҳакам ўриндиққа бориб, у ердаги сумкасидан тўппонча ва кишанларни олиб мушт туширган футболчини қувлай кетган.
Бироқ у полиция анжомларидан фойдалана олмаган, чунки футболчи тўппончани кўргач, майдондан қочиб кетган. Ҳакамни эса ёрдамчилари тўхтатиб қолишган.
Энди ҳакам дисквалификация қилиниши мумкин. Ҳакамнинг ўзи барчасини тўғри қилганини ва зўравон футболчини ҳибсга олиш кераклигини айтган.