Ўзбекистон | 14:38 / 29.06.2017
49251
6 дақиқада ўқилади

«Шиширилган ишонч» — «Чироқлари синган пресс-клуб»даги томоша воқеаси

Русларда бир сериал бор: «Улица разбитых фонарей». Ўзбекчага «Чироқлари синган кўча», деб ўгирсак бўлади. Жуда узун бу сериалнинг фақат номи ёқади. Яқинда шу сериал номига мос бўлган бир тадбирда қатнашиш бахтига муяссар бўлдик. Казо-казо ва ҳоказолар қатнашган тадбирда. Қоронғу, худди шам ёритиб тургандай романтик хонада кечди бу тадбир. Ҳа, гап Халқаро Пресс-клубнинг спортга бағишланган сони ҳақида кетмоқда.

ХОМХАЁЛ
Бу тадбир номигагина спортга бағишланиши, асосий масала футбол ҳақида бўлишини кутган эди кўпчилик. Айниқса Теҳрондаги шармандаликдан кейин. Лекин бу шунчаки хомхаёл бўлиб чиқди. Миллионлаб одамларнинг овунчоғига айланган футболга шу кеча от спорти, жисмоний тарбия ўқитувчилари ва аёллар спорти каби жуда кўп мавзулар орасида бирровга назар ташланди, холос. Етмаганига, жонли эфирда кетиши иддао қилинган бу «спектакл» бошланишидан олдин қатнашувчиларга эслатиб қўйилдики, биз бу ерга кимнидир қоралаш учун эмас, юртимизда спортнинг қанчалик равнақ топаётгани ҳақида гаплашиш учун йиғилган эканмиз. Бу эслатма кўпчиликнинг «тарвузини қўлтиғидан тушуриб юборди». Тадбирга Олимпиада чемпионлари ва совриндорлари, таниқли спортчилар ҳам таклиф этилди. Худдики, биз уларнинг борлигини билмайдигандай. Бир кун олдин футболдаги вазиятнинг аянчли экани ҳақида гапирган юлдузлар шу кеча умуман бошқа нарсалар ҳақида гапиришди. Уларни шу ҳақда гапиртиришди, десак, тўғри бўлади. Бунда уларнинг айби йўқ. Аслида бу спортчилар барчасини спорт мусобақаларида исботлаб бўлишган. Бу кеча бошқа нарсалар исботланиши керак эди кўм-кўк чироқлар ёниб турган романтик хонада…

ШИШИРИЛГАН ИШОНЧ

Шерзод Қудратхўжаев. Фото: Offsayd.uz

Тадбир ташкилотчилари узундан-узоқ нутқлардан кейин ниҳоят футбол мавзусига ўтишганда, Ўзбекистон Футбол Федерацияси бош котиби Сардор Раҳматуллаевга ўзига хос туҳфа тақдим қилишди. Уларнинг айтишича, мухлислар томонидан юборилган ва «Ишонч» сўзи ёзилган шар федерация вакилига берилди. Эмишки, шу орқали футболчиларга мухлисларнинг ишончи етказилибди.

Фото: Offsayd.uz

Ташкилотчилар ўзлари билибми, билмайми зўр совға беришди. Шар бу – ўзи кичкина, лекин ҳаво билан тўлдирилганда катта кўринадиган нарса. Ўзбекчасига айтсак, пуфак. Яъни, пуфланган, шиширилган, бўрттирилган. Аслида мухлисларнинг ҳам бугунги футболимизга бўлган ишончлари мана шундай шарга ўхшайди. Аслида ишонч жуда кичкина, лекин телеканалларда, номи тантанавор, матбуот дўконларида сотилмайдиган, мажбуран обуначиларга тарқатиладиган газеталарда бу ишонч шишириб кўрсатилади.

ҲАММАСИ ЯХШИ, ЖУДА ЯХШИ

Фото: Offsayd.uz

Нимагадир бизда матбуот анжуманлари, конференциялар мутасаддилар билан қандайдир муаммони ҳал қилиш борасида ўтказилмайди. Бундай тадбирлар албатта тантанавор руҳда ўтиши керак. Бунинг устига давлат телеканалида кўрсатилаётган бўлса. Жуда кўп маротаба Рио Олимпиадаси эсланди. У ердаги медаллар сони, бизнинг умумжамоа ҳисобида нечинчи ўринни эгаллаганимиз кўп таъкидланди. Ахир биз ютуқлардан сармаст бўлиш учун эмас, камчиликларни муҳокама қилиш учун йиғилгандик-ку?! Бунақа қўлга киритиб бўлган натижаларимизни эслаб, бир-биримизни мақтаб ўтирадиган бўлсак, ўсиш бўладими? Эътибор беринг, бизда бизнес ривожланиб кетди. Бу соҳадагилар яхши яшашмоқда. Меҳнатларининг самараси ўлароқ, албатта. Чунки улар Асакадаги машина заводи билан фахрланишдан ташқари келажакдаги режалари хусусида ҳам ўйлашмоқда. Футболда эса биз ҳамон 1994 йилдаги ғалабани эслаб юрамиз. Шу сабаб олдинга силжиш йўқ. Энди бошқа спорт турларидаги натижаларни ҳам футболдаги камчиликларни хаспўшлаш учун ишлатишмоқда. Бу энди инсофдан эмас. Биз қанчалик кўп пахта етиштирмайлик пахтадан нон қилиб бўлмайди. Бу учун буғдой керак. Спортнинг ҳам шунга ўхшаш турлари бор. Бокс бўйича мингта чемпион чиқармайлик бу мухлислар учун битта футбол бўйича миллий терма жамоа берган завқни бера олмайди. Биз бошқа спортдаги ютуқларни инкор қилмаган ҳолда футболимиздаги муаммолар ҳақида гаплашмоқчи эдик, лекин ҳар бурчакдан бир хил гаплар чиқаверди: ҳаммаси яхши, ҳаммаси яхши…

Аҳрол Иноятов. Фото: Offsayd.uz

СИНГАН ЧИРОҚЛАР
Энг бошидаги синган чироқлар ҳақидаги гапларга қайтсак. Бу учрашув жуда ёруғ ўтиши мумкин эди, ўша кўк чироқлар милтиллаб турган романтик хона чинакам триллер майдонида айланиши мумкин эди АГАР… Барчаси тўғри ташкиллаштирилганида! Оддий мисол, ўзбек футболини ёритадиган энг катта интернет сайт http://Championat.asia  раҳбари Нодирхўжа Йўлдошев сўз сўраб қўли оғриб кетди, лекин унга навбат беришмади. Диёр Имомхўжаевдан қанчалик қўрқишларини, унга қандай нафрат билан қарашларини ўша ерда кўрдик. Сабаби - тўғри гапни гапириши, маддоҳлик қилмаслиги ва катталарни кўрганда қуллуқ қилмаслиги. Сўз кўпинча «Давлатники» деган ваҳимали номи бор ОАВ ходимларига берилди. Асосий вақт от заводлари, спорт кийимлари, жисмоний тарбия дарслари ҳақидаги гапларга кетмаганида Бабаян нима учун Россияга кетиб қолгани, Лобанов қачонгача терма жамоада ўйнаши, нима учун мухлислар фикри эшитилмаслигининг сабабини билиб олган бўлармидик. Бироқ энди буларнинг ҳеч бирини билолмаймиз, улар қоронғуда сирлигича қолиб кетди. Чунки ўша кеча чироқлар синган эди…

Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ

Мавзуга оид