Ўзбекистон | 09:24 / 01.07.2017
29571
7 дақиқада ўқилади

Ёшларни иш билан таъминлаш борасида қандай имтиёзлар яратилмоқда?

Ёшларни иш билан таъминлаш масаласи биз учун ҳамон энг долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Бугунги кунда ёшлар учун янги иш ўринлари очиш, уларнинг ҳалол меҳнат қилиб, даромад топиши мақсадида кўп ишлар қилинмоқда. Шунга қарамасдан, бу борада муаммолар ҳам оз эмас. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни бўлиб ўтган "Камолот" қурултойида шу мавзуга тўхталди. 

"Юртимизда ишсизларнинг аксарият кўпчилик қисмини коллеж битирувчилари ташкил этмоқда. Масалан, 2016 йили 477 минг 743нафар ёш йигит-қиз коллежларни битириб чиққан ва уларнинг 438 минг 503 нафари ёки 91,8 фоизи иш билан таъминлангани тўғрисида маълумот берилган.

Савол туғилади: бу рақамлар қанчалик тўғри? Агар барча коллеж битирувчилари ишга жойлашаётган бўлса, ишсиз ёшлар қаердан пайдо бўляпти? Коллеж битирувчилари билан тўрт томонлама шартномаларни номигагина имзолаб, ўзимизни ўзимиз алдамаяпмизми?

Ёшларни иш билан таъминлаш учун аввало улар ўртасида тадбиркорликни кенг ривожлантириш, бу борада янги имкониятлар яратиш мақсадида биз бир қатор чора-тадбирларни кўзда тутмоқдамиз.

Бу борада Иқтисодиёт вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат рақобат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига ҳар бир туман (шаҳар) марказида Ёшлар тадбиркорлик кластерларини ташкил этиш вазифаси топширилади. Ана шу кластерлар фаолиятини йўлга қўйиш учун электр энергияси, табиий газ, сув ва транспорт коммуникацияси, алоқа воситалари ва Интернетга уланиш имконияти мавжуд бўлган ҳудудларда фойдаланилмай ётган давлат объектлари ёш тадбиркорларга “ноль” қиймати билан ижарага берилади.

Ҳамма ҳудудларда ташкил этилаётган иқтисодий зоналарда, шаҳарларда эса кичик саноат зоналарида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг аъзоси бўлган ёш тадбиркорлардан ижара ҳақи олинмайдиган тартиб жорий этилади.

Бундан ташқари, ўз бизнесини бошлаётган ёш тадбиркорларга имтиёзли нархларда юридик, техник ва бошқа маслаҳат ёрдамларини кўрсатишни йўлга қўйиш лозим. Бу масала бўйича молия вазири Б.Хўжаев ҳамда Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов бир ой муддатда тегишли таклифларни ишлаб чиқиб, тақдим этиши зарур.

Шунингдек, тегишли иқтисодий чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бюджет маблағларини икки баробар кўпайтириш режалаштирилмоқда. Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров, молия вазири Б.Хўжаев ва Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев бу масалага масъул ҳисобланади.

Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда “Ҳунарманд” уюшмасига топшириқ: ҳунармандлик йўналишидаги тадбиркор ёшлар, айниқса, қизларнинг касаначилик билан банд бўлиши учун қулай шароит яратиб берилсин. Бу борада бўш турган объектлардан имтиёзли шартлар асосида жой ажратиш, мини-технологиялар, асбоб-ускуна ва зарур жиҳозлар ўрнатиб бериш кўзда тутилмоқда.

Жумладан, ёш ҳунармандларга хомашё сотиб олиш учун кредитлар бериш, ўз бизнесини бошлаган ёш тадбиркорлар томонидан Пенсия жамғармасига тўланадиган суғурта бадалини олинган кредитларни қоплашга йўналтириш тизими жорий этилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига топшириқ: синов тариқасида 11 йиллик мажбурий ўрта таълим тизимига ўтиш муносабати билан бўшайдиган коллеж устахоналари негизида ёшларни, айниқса, уюшмаган ёшларни 6 ойгача бўлган муддатда бепул ўқитиш ва касбга қайта ўқитиш марказлари ташкил этилсин.

Айни пайтда қўлига диплом олиб, мустақил иш бошлаётган ёшларимиз учун ҳам қўшимча имконият ва имтиёзлар яратиб берилади.

2018 йилнинг 1 январидан бошлаб касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасаларининг биринчи марта ишга жойлашган битирувчилари бу имкониятлардан фойдаланади. Яъни, таълим муассасасини тамомлаганига уч йил бўлмаган бўлса, уларнинг иш ҳақидан олинадиган даромад солиғи биринчи йили 50 фоиз, иккинчи ва учинчи йилларда эса 25 фоиз камайтирилади.

Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида барча турдаги солиқлардан 10 йилга озод қилинган шўъба корхоналари тузиш ваколати берилади. Ушбу корхоналар учун аниқ фаолият йўналишларини, мисол учун, турли фанлар, жумладан, чет тилларни ўргатиш, компьютер дастурларини тузиш ва тадбиркорлик асосларини ўқитиш тизимларини белгилаш лозим. Мазкур корхоналар томонидан тўланадиган солиқ тушумларининг 20 фоизини Ўзбекистон ёшлар иттифоқига ўтказиб бериш тартибини жорий этиш керак.

Яна бир масала – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят ва туманларда замонавий “Ёшлар кинотеатрлари”ни барпо этиш ишига бош-қош бўлса, яхши бўларди. Бунинг учун “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан 5 йил муддатга бериладиган имтиёзли кредитлар асосида алоҳида дастур ишлаб чиқиш ва амалга ошириш таклиф этилади. 

Ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган, бакалавриат ва магистратура талабаларига ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиз ва ундан юқори бўлган тақдирда таълим бўйича шартнома тўлови миқдорининг 35-40 фоизини ташкилот ҳисобидан тўлаш орқали моддий ёрдам кўрсатиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида 3-5 йил ва ундан кўпроқ фаол ишлаб келаётган, ипотека кредити асосида уй-жой сотиб олиш истагини билдирган ходимларнинг ҳар йили 140 нафарига 25-30 фоиз миқдоридаги бошланғич тўлов ташкилот маблағлари ҳисобидан тўланади.

Шунингдек, Ёшлар иттифоқининг вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари раисларини рағбатлантириш, ташкилотнинг фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида тижорат банкларининг 10 йил муддатгача мўлжалланган, бошланғич тўлови 15 фоизлик имтиёзли кредитлари асосида уларга ўзимизда ишлаб чиқарилган “Матиз” ва “Дамас” автомобилларини шахсий мулк сифатида сотиб олишда қулайлик яратилади.

Агар ҳозирги нархда ўртача 46 миллион сўм бўлган бу кредитни қайтариш муддати амалда 3 йил, фоизи эса 30 фоиз эканини ҳисобга олсак, самарали хизмат қилаётган ёшлар етакчиси бундан қанча иқтисодий наф кўришини тасаввур қилиш қийин эмас.

Яна бир муҳим масала – энди вилоят ва туман ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожланиш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, туман ички ишлар бўлими бошлиқларининг ёшлар бўйича ўринбосарлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тавсияси билан лавозимга тайинланади.

Бу албатта жойлардаги давлат бошқарув идораларининг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тузилмалари билан ҳамкорлигини сифат жиҳатидан оширишга хизмат қилади".

Мавзуга оид